Ўзбекистон | 09:32 / 05.04.2024
2904
2 дақиқада ўқилади

Ўзини банк оператори сифатида таништириб, ўзганинг пулини ўзлаштирган шахс ушланди 

ЖКнинг 169-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Бухоро вилояти Олот туманида яшовчи 42 ёшли (аёл) Ғ.Н. ИИОга мурожаат қилиб, унинг номидан номаълум сабабларга кўра 14,5 млн миқдоридаги пул маблағлари ечиб олинганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Хоразм вилояти Янгиариқ туманида яшовчи 19 ёшли Қ.А. содир этгани аниқланди.

Унга кўра, Қ.А. жабрланувчи Ғ.Н.га қўнғироқ қилган ва ўзини "банк оператори" сифатида таништириб, СМС-хабарнома (сохта ҳавола) юбориш орқали шахсий маълумотларини қўлга киритиб, унинг ҳисобида бўлган 14,5 млн сўм пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк пластик картасига ўтказиб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Қ.А.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 169-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид