13:25 / 28.04.2021
1369

Сенат қўмитаси – Сурхондарёда қотилликнинг ҳар учинчиси оилавий келишмовчиликлар туфайли содир этилган.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сурхондарё вилоятида ўтган йил 3 176 та жиноят содир этилган. Термиз шаҳри ва туманида содир этилган жиноятлар сони бўйича республикада энг салбий кўрсаткичда қайд этилган. Бу ҳақда вилоятда ўрганиш ишларини олиб борган Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси маълум қилмоқда.

Ўрганишларда аниқланишича, 2020 йилда Сурхондарё вилоятида жами 3 176 та жиноят қайд этилган. Бу кўрсаткич ҳар 100 минг кишига 120,3 тадан тўғри келган. Термиз шаҳри ва Термиз туманида жиноятчилик содир этилиши бўйича республикада энг салбий кўрсаткич қайд этилган. Термиз шаҳрида ҳар 100 минг кишига 295,8 та жиноят, Термиз туманида ҳар 100 минг кишига 245,4 та жиноят тўғри келган. 273 та жиноятни аёллар содир этган. 840 та жиноят ёки жами содир этилган жиноятларнинг 26,4 фоизи ёшлар томонидан содир этилган.

2020 йилда содир этилган қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси ёки 11 таси, оғир тан жароҳати етказиш жиноятининг 26 таси ёки 48 фоизи оилавий келишмовчиликлар туфайли содир бўлган.

Қидирувда бўлган 160 нафар шахс ушланиб, 33 нафар бедарак йўқолганлар топилган. Ички ишлар органи 978 та жиноятни аниқлаган.

Вилоятда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 130 нафар шахс вафот этган.

Таъкидланишича, Сурхондарёда 2020 йилда олди олиниши мумкин бўлган 27 та қотиллик, 54 та оғир тан жароҳати етказиш, 9 та талончилик, 4 та босқинчилик, 144 та безорилик, 386 та ўғрилик, 463 та фирибгарлик содир этилишига йўл қўйилган.

Қайд этилишича, ўрганишлар давомида Сурхондарё вилояти ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар борлиги маълум бўлган.

Top