08:24 / 07.05.2021
2467

Навоийда бюджет пулларини талон-торож қилиш асосан таълим ва тиббиёт соҳасига тўғри келган

Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларида прокуратура ходимлари томонидан халқ таълими, мактабгача таълим ҳамда тиббиёт соҳаси ходимлари иштирокида содир этилаётган коррупцион жиноятлар таҳлили ва сабабларига бағишланган йиғилишлар ўтказилмоқда.  

Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, ҳудудда бюджет пулларининг талон-торож қилиниш ҳолатлари асосан ушбу соҳалар ҳиссасига тўғри келган.

Таъкидланишича, тиббиёт, мактабгача таълим ва халқ таълими тизимларида коррупция ҳолатларини содир этиш эвазига бўш иш ўринлари бўлмаса ҳам тасдиқланган штатлар жадвалига нисбатан ортиқча штат бирликлари сақлаш ёки бир иш ўрнига бир неча фуқароларни ишга қабул қилиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Ҳозиргача Хатирчи, Конимех, Кармана ва Навоий шаҳри прокуратуралари томонидан шундай йиғилишлар ўтказилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилмаган ходимлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги юзасидан огоҳлантирилган.

Аввалроқ Навоий вилояти прокурори ва вилоят ДХХ бошқармаси бошлиғи ҳамкорлигида вилоятдаги барча тижорат банклари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, банк ходимлари қатъий огоҳлантирилганди.

Top