12:05 / 07.05.2021
22932

Томскда Ўзбекистон фуқаросини калтаклаган мулозимга нисбатан жиноий иш қўзғатилди 

Фото: Видеодан кадр

Томскда Ўзбекистон фуқароси билан юз берган ҳолат юзасидан полиция ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.

Россиянинг Томск шаҳрида федерал хизмат ходими томонидан Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқи бузилиб, унга нисбатан куч ишлатгани юзасидан ваколатли идораларга мурожаат қилинганди.

Айни вақтда Россия Тергов қўмитасининг Томск области тергов органлари томонидан РФ ЖКнинг 286-моддаси 3-қисми "а" бандида кўзда тутилган (Куч ишлатиш ёки ундан фойдаланиш таҳдиди билан мансаб ваколатларини ошириш) жиноятларни содир этганликда гумон қилиниб, полиция ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясининг Томск шаҳрида федерал хизмат ходими томонидан Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқи бузилиб, унга нисбатан куч ишлатилгани ҳақида маълумотлар тарқалди.

Қайд этилишича, бунга сабаб – ўзбекистонлик мигрантнинг савол бериб, ҳуқуқини талаб қилгани. Паспортини тақдим этган бўлса-да, миграция хизмати ходими ундан ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам кўрсатишни талаб қилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу ҳолатга аниқлик киритиш, шунингдек ҳар томонлама ва объектив текширув ўтказиш юзасидан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамда агентликнинг Россиядаги ваколатхонаси томонидан Россиянинг ваколатли идораларига тегишли сўровномалар юборилганини билдирган.

Top