18:57 / 10.05.2021
6132

Ҳудудий ЙҲХБ жарима майдонларига тушган пулнинг бир қисмини асоссиз равишда олиб қўйгани аниқланди – Аксилмонополия қўмитаси

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Монополияга қарши курашиш кўмитасининг маълум қилишича, ўтган 3 йил давомида жарима майдонларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларидан ҳудудий ЙҲХБ ҳисобига асоссиз ундирилган қарийб 400 млн сўм маблағ қайтарилган.

Қайд этилишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан республика ҳудудида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича кўрсатилаётган хизматлар бозорида ўрганиш ишлари ўтказилган.

«Бугунги кунда Республика ҳудудида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш хизматларини кўрсатувчи 296 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётганлиги маълум бўлди.

Ўтказилган ўрганишлар жараёнида айрим ҳудудларда транспорт воситаларини сақлаш учун мўлжалланган жарима майдонларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларининг ҳисобрақамига келиб тушган маблағларнинг ўртача 10 фоизи асоссиз равишда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бошқармалари ҳисобрақамларига ундирилаётганлиги маълум бўлди.

Натижада, ўтган 3 йил давомида тадбиркорлик субъектларидан асоссиз ундирилган қарийб 400 млн сўм маблағ тадбиркорлик субъектларига қайтарилишига эришилди», дейилади қўмита матбуот хизмати томонидан берилган баёнотда.

Аксилмонополия қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишда ҳудудларда ташкил этилган транспорт воситаларини сақлаш учун мўлжалланган жарима майдонларининг 50 фоизидан ортиғи амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги аниқланган.

Мазкур бозорда, тенг рақобат шароитини ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича кўрсатилаётган хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини белгиланган тартибда танлов асосида танлаб олиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Top