20:27 / 11.05.2021
11098

«Мамлакат илми учун буни ҳамма тушуниши керак» — Scopus базасидан чиқарилган журналларга ўзбек олимлари энг кўп мақола юборган

ЎзФА Математика институти директор ўринбосари Ғолибжон Ботиров 2020 йилда Scopus маълумотлар базасидан чиқариб юборилган журналларга энг кўп ўзбек олимлари томонидан мақолалар юборилгани, олим учун, аввало, ўз тадқиқот натижаларини чоп этадиган ишончли журналларни ажрата олиш муҳимлиги ҳақида сўз юритди.

2020 йил сарҳисоби бўйича Scopus маълумотлар базаси бир қатор журналларни ўз таркибидан чиқариб юборган. Сабаби, бу журналлар Scopus талабларини бажара олмаган.

Олимнинг таъкидлашича, энг ачинарлиси, ўша журналларда энг кўп ўзбек олимлари томонидан мақолалар нашрга берилган. Бунинг олдини олиш учун олимларимизга яхши илмий журналлар танлай олишни ўргатишимиз керак.

– Бундан ташқари, олий таълим тизимидаги баъзи талабларни олиб ташлаш керак. Ҳозир шундай тенденция кетяптики, қисқа муддатда тезликда мақола чиқартириш талаби қўйиляпти, бу нотўғри талаб. Чунки ўз нуфузига эга журналга мақолани ўтказишга камида 3 ой вақт кетади. Тезликда мақола чиқариш илмий жараённи ўстирмайди. Мамлакат илми учун бу даҳшатли белгини ҳамма тушуниши керак, – дея қайд этди Математика институти директор ўринбосари.

Яхши журнал қандай фарқланади?

Шунингдек, Ғолибжон Ботиров ёш олимларга яхши илмий журналларни қандай фарқлаш кераклиги борасида қўшимча маълумот бериб ўтди.

– Олимларимиз кўпинча яхши журналларни ажрата олишмайди. Буни қандай фарқлаш керак? Илмий журналларнинг айримларида мақола чиқартириш учун мажбурий тўлов ундирилади; баъзисида мақола чиққандан сўнг мақола доступи очиқ бўлса, пул тўланади, ёпиқ бўлса, йўқ.Яна бир тур журналлар борки, унда мақола чоп эттирилса, муаллифга қалам ҳақи тўланади. Ёшлар билан учрашганимизда кўп таъкидлаймиз, иложи борича бепул журналларни топиш керак.

Олий таълимда илмий журналлар борасида ижобий ўзгаришлар ҳам қилиняпти. Масалан, 41 та журнал учун алоҳида платформа яратилди, – деди Математика институти директор ўринбосари.

Top