11:27 / 11.05.2021
6859

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Франциянинг Rothschild & Cie компанияси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Франциянинг “Rothschild & Cie” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти “Rothschild & Cie” компанияси билан тузилажак режа борасида муҳокама ўтказдилар.

“Rothschild & Cie” компаниясининг молиявий маслаҳат хизматларини кўрсатиш таклифи бўйича музокаралар бўлиб ўтди.

Франциянинг “Rothschild & Cie” компанияси томондан Arielle Malard ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев икки томонлама битимни имзоладилар.

Имзолаш маросими Франция ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилишидаги ҳамда “Медеф Интернасиональ” француз тадбиркорлари ҳаракати билан биргаликда ташкил этилган Бизнес-форум доирасида ташкил этилди.

Имзоланган битим доирасида IPOга тайёрланиш бўйича ишлар олиб борилади.

Битимни имзолашдан мақсад IPOга тайёргарлик кўриш ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг қарз портфелини баҳолаш бўйича “Rothschild & Cie” компанияси томонидан маслаҳат хизматларини олишдир.

IPO (Initial Public Offering – инглиз тилидан қисқартма) – бирламчи оммавий акцияларни жойлаштириш, компания акцияларини фонд бозорида сотиш жараёни, натижада компания оммавий компанияга айланади ва қимматли қоғозлар кенг инвесторлар учун очиқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу жараён “Ўзбекнефтгаз” АЖни трансформация қилиш жараёнининг бир қисмидир ва бошқа маслаҳатчилар билан параллел равишда амалга оширилади, бу эса, ўз навбатида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг жаҳон стандартларига жавоб берадиган халқаро миқёсда тан олинган компанияга айланишига имкон беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top