23:17 / 11.05.2021
15526

Саудия Арабистони ва бошқа қатор давлатларда 13 май Рамазон ҳайити куни деб эълон қилинди

Саудия Арабистони Олий Маҳкамаси бугун, 11 май куни Шаввол ойининг ҳилоли кўринмагани, шу сабабли 2021 йилги (ҳижрий 1442 йил) Рамазон ойи 30 кунда тугашини эълон қилди.

Шунга кўра, 12 май куни Рамазон ойининг сўнгги 30-куни бўлади. Пайшанба, 13 май эса Рамазон ҳайити нишонланади.

Айни вақтга қадар Қатар, Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон ва Буюк Британияда ҳам уламолар томонидан Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 май экани эълон қилинди.

Шунингдек, Россия мусулмонлари идораси ҳам 13 май Рамазон ҳайитининг илк куни бўлишини билдирди. Аммо мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли ҳайит намози масжидда фақат диний уламолар томонидан ўқилиб, онлайн трансляция қилиниши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Мусулмонлар идорасининг тавсияси асосида Ўзбекистонда ҳам Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 май куни нишонланади. Шунингдек, ўзбекистонликлар ҳайит муносабати билан қаторасига 4 кун дам олиши эълон қилинган.

Top