23:20 / 11.05.2021
34087

ССВ: Ўз вазифасига совуққонлик билан қараган тиббиёт ходимлари вазифасидан озод этилди

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев Тошкент шаҳридаги туғруқхонага олиб келинган ҳомиладор аёл пропискаси йўқлиги учун қабул қилинмагани билан боғлиқ ҳолат юзасидан тезкор йиғилиш ўтказди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг соҳага масъул ўринбосари ҳамда туғруқхона раҳбари ишдан олинган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар 1-сон туғруқ комплексига ҳомиладор аёлини олиб келган турмуш ўртоғи томонидан суратга олинган видеоматериал пайдо бўлди. Унда ҳомиласи етилиб, туғруқ оғриқлари бошланган бўлса-да, аёлни ушбу тиббиёт муассасасига қабул қилишмагани ва унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмагани айтилган.

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев мазкур масала юзасидан туғруққа ихтисослашган шаҳар ва республика тиббиёт муассасалари бош врачлари иштирокида тезкор йиғилиш ўтказди. Унда соғлиқни сақлаш тизимининг халқ олдидаги обрўйига путур етказиши мумкин бўлган бундай салбий ҳолатлар кескин танқид қилиниб, бошқа бундай ҳолатлар такрорланмаслиги бўйича қатъий огоҳлантиришлар берилган,  вазиятга ойдинлик киритилиб, айбдорларга тегишлича чоралар кўрилиши таъкидланган.

Вазият Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан ўрганилган. 

«Ҳомиладор аёл О.С. 2000 йилда туғилган бўлиб, Самарқанд вилояти, Иштихон туманида доимий рўйхатда туриб, ҳозирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилади.

Дастлабки маълумотларга қараганда, ушбу воқеа тарқалган хабарларда айтилганидек, 5 май куни эмас, шу йилнинг 29 апрель куни содир бўлган. Шу куни соат 04:25да аёлни турмуш ўртоғи Х.М. туғруқ оғриқларидан шикоят қилгани учун Тошкент шаҳар 1-сон туғруқ комплексига олиб келган. Навбатчи шифокор аёлни кўрикдан ўтказиб, «Ҳомиладорлик 1, 41-ҳафта. Туғруқнинг 1-даври латент фазаси» ташхисини қўйган. 

Аммо аёлнинг алмашув варақасида Янгийўл тумани 69-сон қишлоқ шифокорлик пунктида рўйхатда турганини инобатга олиб, дислокация бўйича Янгийўл тумани туғруқ комплексига ёки Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникасидаги туғруқ бўлимига бориш тавсия қилинган. 

Шу куни соат 5:40лар атрофида ҳомиладор аёл турмуш ўртоғи томонидан чақирилган тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникаси туғруқ бўлимига олиб борилган ва у ерда «Ҳомиладорлик 1, 41 ҳафта. Туғруқнинг 1-даври» ташхиси билан қабул қилинган. 2021 йил 29 апрель куни соат 7:40да оғирлиги 3700 гр бўлган қиз дунёга келган. Туғруқдан кейинги давр асоратсиз ўтган. Шу йилнинг 3 май куни аёл фарзанди билан аҳволи қониқарли ҳолатда уйига жавоб берилган», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, ушбу вазият юзасидан ўзи масъул бўлган йўналишда шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўрмагани учун Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда репродуктив саломатлик бўйича ўринбосари Р.Ҳаитбаева билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. 

Тиббиёт муассасасида ушбу қўпол ҳолатга йўл қўйилгани учун ушбу туғруқ комплекси бош шифокори Р. Алимжанова ҳам  эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Шунингдек, ўз ишига совуққонлик билан қарагани ва ҳомиладор аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатмагани учун қатор тиббиёт ходимларига ҳам тегишли чоралар кўрилган. 

Top