14:02 / 14.05.2021
7511

Жасорат ва меҳр билан яшаётган она: “Боламнинг муолажалари учун 55 марта Тошкентга бордим”

Каттақўрғон шаҳрида истиқомат қилаётган бу аёл фарзандининг хасталаниб қолганини билгач, унга донор излай бошлади. Яқинлари бир қанча текширувлардан ўтди. Аммо ҳеч бирининг буйраги Озоджонга тўғри келмади. 

Тақдирга тан бермаган нафақадаги она – Сожида Ишбаева ўзининг буйрагини фарзандига бериш учун турли текширувлардан ўтди. Ўзининг айтишича, эллик мартадан ортиқ пойтахтга бориб келгани, шифохонама-шифохона боласини олиб чопганини айтмоқда.

“Ўғлим бир йилча аввал тез-тез ҳолсизланиб қолаётгани, ўқишда қийналаётганидан шикоят қилди. Бир сафар ҳушидан ҳам кетиб қолибди. Текширувлардан ўтгач, ўғлимнинг икки буйраги ҳам қуриётгани маълум бўлди. Шундан сўнг етти марта Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанди. 

Ўғлимга пойтахтдаги академик Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига йўлланма беришди. Уч нафар фарзандимни ҳам донорлик қилиш учун олиб бордим. Катта ўғлим ва икки қизим текширувлардан ўтди. Аммо ҳеч бирларининг буйраги укаларига тўғри келмади. Аллоҳга шукур, ўзимнинг текширувларим ижобий чиқди, фарзандимга донор бўла оларканман. 

Очиғи, текширувлар, фарзандимнинг ойма-ой олаётган муолажалари бизни оғир аҳволга солиб қўйди. Яқинларимиз, шифокорлар имкон борича ёрдам қилишди. Озоджоннинг операцияси учун кетадиган дори-дармонлар катта маблағни ташкил қилмоқда. Саховатли инсонлардан бу оғир вазиятимизда қўллаб-қувватлашларини, бизга ёрдам беришларини сўрайман. Фарзандим оёққа туриши, халқимизга хизмат қилишига умид қиламан” деди Сожида Ишбаева.

Озоджон Ишбаев ҳозир 25 ёшда. У билан суҳбатлашганимизда, катта истиҳола ва ҳаётга ташналикни сездик. Ҳозирги вақтда Самарқанд давлат чет тиллар институтида грант асосида таҳсил олмоқда. Икки нафар фарзанди бор. Отаси вафот этган, онасининг ёлғиз суянчиғи. Ҳозирги кунда қўлидаги махсус мослама ёрдамида унинг қон айланиши меъёрга солиб турилибди. 

Маълум бўлишича, Озоджоннинг операциясига 80 млн сўмга яқин маблағ зарур. Оила эса мушкул аҳволда. Онанинг пенсияси ва бемор йигитнинг нафақаси ҳисобига рўзғор тебратилмоқда, даволанилмоқда.

Муборак кунларда савоб умидида бўлган юртдошларимиздан бу оилага ёрдам қилишларини сўраб қоламиз. 

Озоджон Ишбаевга оид маълумотлар:

Халқ банки: 8600 0610 5649 0047 Ишбаев Озоджон номида

Ҳумо: 9860 0801 6432 0527 Ишбаев Озоджон номида

Халқ банки: 8600 0610 9306 7154 онаси Ишбаева Сожида номида

Сбербанк: 4276 5500 5229 5261 акаси М.Ишбаев номида

Телефон: +99893 346 58 22 (онаси)

Исомиддин Пўлатов

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top