15:51 / 14.05.2021
4315

Қорақалпоғистондаги «дунёнинг бошқа жойида учрамайдиган, ҳайвон ҳам юрмайдиган йўл»да қачон қурилиш-монтаж ишлари бошланиши маълум қилинди 

11 май куни Kun.uz сайтида Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани A-380 йўлининг Қорақалпоғистон посёлкаси ҳудудидан ўтувчи қисми ҳақида мақола эълон қилинганди. Унда Қорақалпоғистондаги машҳур абгор йўл дунёнинг бошқа жойида учрамаслиги, ҳайвон ҳам юрмаслиги ҳақида айтилганди

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси расмий маълумот берди.

Қайд этилишча, мазкур йўлнинг жами узунлиги 240 км.дан иборат бўлиб, таъмирталаб қисми – 100 км. У «Жаслиқ – Каракалпакия посёлкаси» оралиғида жойлашган.

Ушбу йўлга қора қоплама ётқизилган бўлиб, бир неча йиллар давомида йўлнинг кўтариш қобилиятига нисбатан оғир вазнда бўлган автотранспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши оқибатида таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Бугунги кунда ўрганишлар асосида мазкур ҳолатлар инобатга олиниб, автомобиль йўлининг таъмирга муҳтож бўлган қисмини тўлиқ реконструкция қилиш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унинг техник иқтисодий асослари – Вазирлар Маҳкамасининг «Осиё тараққиёт банки иштирокидаги А-380 «Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу» автомобиль йўлининг 964 – 1204 км (240 км) қисмини реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 5 мартда имзоланган 124-сонли қарори билан тасдиқланди.

Жорий йилда ўтказилган халқаро тендер натижаларига биноан, Туркиянинг «Polat Yol Yapi San. ve Tic S.A.» компанияси (964 – 1084 км оралиғи) ҳамда ХХРнинг «China Road and Bridge Corporation», «CCCC Third Highway Engineering Co. Ltd.» ва «Sanmenxia City Changtong Road and Bridge Construction Co., Ltd.» компаниялари (1084-1204 км оралиғи) ғолиб деб топилиб, шартномалар имзоланган.

Қўшимча қилинишича, мазкур лойиҳа 2021 – 2023 йиллар оралиғида тўлиқ амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида халқаро компаниялар томонидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш бўйича махсус техникалар объектга кўчирилмоқда. Режага кўра, июнь ойидан эътиборан йўлнинг таъмирталаб қисмида қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилади, дейилади вазирлик баёнотида.

Top