07:50 / 15.05.2021
6120

Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказишга келишиб олди

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Тожикистон ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқизода Завқи Аминни қабул қилди.

Томонлар инвестициявий ҳамкорлик ва икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш соҳаларида улкан ишга солинмаган салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидладилар. Бунда, юқори қўшимча қийматга эга бўлган ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этиш ва истиқболда учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш борасида ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришнинг аҳамияти ҳақида якдил фикр билдирилди. Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази Тожикистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан биргаликда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича истиқболли соҳаларни таҳлил қилиш ва ушбу тармоқларда аниқ лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш чораларини кўришига келишиб олинди. Шунингдек, ўзбек ва тожик ишбилармонлар доиралари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш учун қўшма бизнес-форумлар ўтказиш ташаббуси маъқулланди.

Томонлар ўзаро савдонинг барқарор ўсишини таъкидлади: ўтган 4 йил мобайнида бу кўрсаткич 4 баробардан зиёд ошди. Товар етказиб беришда географик яқинлик ва транспорт харажатларининг камлиги туфайли ўзаро товар айирбошлашни ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Шу муносабат билан, мавжуд техник тўсиқларни бартараф этиш, савдо тартибларини соддалаштириш ва маҳсулотларнинг икки мамлакат бозорларига қулай киришини таъминлаш орқали ўзбек ва тожик ишлаб чиқарувчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутган ҳолда яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш бўйича амалий ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Томонлар, шунингдек, макроиқтисодий прогнозлаш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва электрон тижорат соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари экспертлари савдо айланмасини кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун қисқа муддатда “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга киришишлари белгиланди.

Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон президентининг шу йил июн ойида Тожикистонга бўладиган ташрифининг кун тартибини тайёрлаш бўйича ишларни давом эттириш ва фаоллаштиришга келишиб олди.

Top