15:10 / 18.05.2021
8941

«Ҳозир актёрлар савияси томошабинларники билан бир хил». Баҳодир Йўлдошев санъат ҳақида нималар деганди? 

16 май куни ўзбек санъати яна бир жудоликни бошдан кечирди. Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр, актёр, ёшлар мураббийи Баҳодир Йўлдошев вафот этди.  

Баҳодир Йўлдошев Шиллернинг "Қароқчилар", Л.Толстойнинг "Тирик мурда", Уйғуннинг "Абу Али ибн Сино", "Беруний", "Зебуннисо", С.Аҳмаднинг "Келинлар қўзғолони", П.Қодировнинг "Юлдузли тунлар" асарларини саҳнага қўйиб, маданий жамоатчилик назарига тушди. 

Режиссёр “Мен билган ҳақиқатлар” кўрсатувига берган интервьюсида театр, актёрлар маҳорати, савияси ҳақида қуйидаги фикрларини билдирган эди: 

“Баъзи театрларда спектакль бошланишидан олдин актёрлар фойега чиқиб, томошабинлар билан расмга тушишади. Бу ҳолат, менимча, театр обрўсини туширишдир. Томошабин актёрни фақат саҳнада кўриши керак. Халққа яқинлик бошқача бўлиши лозим. Халқ ўз дардини актёр ижросида кўрса, мана шу яқинлик ҳисобланади.  

Театр актёрлари “тўйиб” қолади. Уларни унвонлар тўйдиради. Энди у халқ артисти. Ролни берсангиз, мен ўйнаб ташлайман, дейди, яъни ролни менсимайди. Умрининг охиригача ролни менсийдиган актёрлар ниҳоятда кам. Биз уларни ҳалигача эслаймиз: Шукур Бурҳонов, Ғани Аъзамовлар. Масалан, Ғани Аъзамов 80 ёшга кирганда “Олтин девор” спектаклида роль ўйнаган. Унинг ижросини кўринг: унинг важоҳат билан роль ижро этишидан ёш актёрлар йўлда қолиб кетади.  

Ҳамма айтардики, актёр театрга келдими, унвонларини театр эшигида қолдириши керак. Театрга оддий одам бўлиб келиш лозим. Репетицияда унвоннинг алоқаси бўлмайди. Бу ҳолат ёш актёрларга ҳам таъсир қилади. Актёрлар тушуниши керак: унвон ким учун бериляпти? Албатта, унвон берилиши керак. Унвон, аслида, актёрни вояга етказган ота-онасиники, яқинлариники. Театр ниҳоятда қаттиқ жазолайди.  

Ҳозирги пайтда кўзга кўринадиган спектакллар деярли йўқ, чунки актёрлар савияси томошабинларники билан бир хил. Томоша залида кўпчилик пул топиш, уй қуриш, катта тўй қилиш, бойликка интилиш ўйлари билан яшайди.  

Актёрлар ҳам шу ўй билан ҳаёт кечиришади. Аслида, актёрларнинг савияси бир поғона баландроқ бўлиши керак. Шунинг учун саҳна томошабин залидан баландроқ туради. Илгари рол учун талаш бўларди. Баъзи актёрлар бир умр армон қилишарди қайсидир рол берилмагани учун. Ҳозиргилар эса иложи борича роль ўйнамасликни пойлашади. Ўрнига ўйнаб турадиган дублёр олса бўлди уларга. Чунки уларнинг театрдан бошқа ишлари кўп: тўй бор, бизнес бор. 

Ҳақиқий актёрлар йўқ бўлиб кетиши мумкинмас. Улар бор. Уларни тарбиялаш, уларга ёрдам бериш керак. Улар учун мактаблар очиш, хориждан педагогларни жалб қилиш зарур. Хорижга бориб ўқишлари, у ердаги театрларни бориб кўришлари лозим. Ана шунда ўзбек театрида ўсиш бўлади. Насиб бўлса, бу ишлар амалга оширилади ва ҳукумат, албатта, буни тушуниб етади. Агар давлат бу фикрга келмаса, ривожланолмаймиз. Халқ онгини зиёлилар ривожлантиради. Зиёли фермер, зиёли ишбилармонлар тараққиётга ҳисса қўшишади. Театрсиз бу ишларни амалга ошириб бўлмайди”, деганди Баҳодир Йўлдошев.

Top