16:56 / 20.05.2021
2515

Самарқандда Damas ҳайдовчиси пиёдани уриб юбормаслик учун рулни буриб юборди, машина ағдарилиб кетди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида пиёда ҳаракатланиб кетаётган Damas машинасининг олдига югуриб чиққан. Ҳайдовчи уни уриб юбормаслик учун рулни кескин буриб юборган ва йўл четига ағдарилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 20 май куни соат тахминан 13:40 ларда Иштихон туманининг Иштихон кўчасида ҳаракатланиб келаётган Damas автомашинаси рўпарасидан пиёда югуриб чиқиб қолган. Ҳайдовчи уни уриб юбормаслик учун руль бошқарувини ўнг томонга кескин бурган. Шунга қарамасдан, пиёда Damas’га урилиб кетиб, тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Шунингдек, мазкур йўл-транспорт ҳодисасида, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўл четига ағдарилиб кетган. Оқибатда Damas ҳайдовчиси ва икки нафар йўловчи енгил тан жароҳатлари олиб, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Ҳозирда Damas’га урилган пиёданинг ҳам аҳволи яхши.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top