17:37 / 21.05.2021
19008

Бу йил магистратурага исталган йўналишга ҳужжат топшириш имкони бўлмайди – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг маълум қилишича, бу йилги қабулда ўтган йилдагидек бакалаврдаги мутахассисликдан бутунлай бегона бўлган йўналишларга магистратурага ҳужжат топшириш амалиёти бекор қилинади. Сабаби, бу ўзини тўла оқламаган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов Xpress.uz’га берган интервьюсида бу йил магистратурага исталган йўналишга ҳужжат топшириш танлови сақланиб қоладими, деган саволга жавоб берди.

“2019-2020 ўқув йилларида синов тариқасида магистратурага киришда турдош ва мос йўналишларни танлаш бекор қилинди. Бундан тиббиёт ва ижодий имтиҳонлар орқали қабул қилинадиган йўналишлар истисно қилинган эди. Бу қайсидир жойда ўзини оқлади, қайсидир жойда оқламади. Сабаби, ёшларнинг асосий қисми ўзи қизиққан йўналишга эмас, кўпроқ имконият берадиган йўналишларга ҳужжат топширди. Кимлардир магистратурага ўзига бутунлай бегона йўналишларга кирди ва ўқиш давомида турли муаммолар келиб чиқди. Бир томондан кафедранинг профессор ўқитувчиларидан эътирозлар кўп бўлди, иккинчи томондан талабаларнинг ўзлари ҳам қийналди.

Шу сабабли, бу ўқув йилида магистратурага фақат мос ва турдош йўналишларга, яъни бир-бирига яқин бўлган йўналишларга ҳужжат топширишга шароит яратилади. Бунда ҳам фақат ўз йўналиши эмас, бакалаврда ўқиган соҳасига яқин бўлган йўналишдаги магистратура мутахассислигига ҳужжат топшириш имкони сақланиб қолади. Масалан, физика, математика, информатика каби йўналишлар бир-бирига яқин ҳисобланади. Лекин бутунлай бегона бўлган мутахассисликларга ҳужжат топшириш бекор қилинади”, дея маълумот берди Абдували Холиқов.

Вазирлик бош бошқарма бошлиғининг айтишича, бу тартиб амалда бўлганда давлат стипендиантлари ҳам ўзига мос бўлмаган йўналишларда ўқиш учун талабгор бўлган.

“Масалан, давлат стипендиялари турли йўналишлар бўйича берилади. Техника йўналишида ўқиётган талаба ҳеч қачон Навоий стипендиясига даъвогар бўлолмайди. Бизда эса Навоий стипендиясини олганлар магистратурада нефт-газ соҳасида ўқиш учун талабгор бўлди. Ҳамма ўзига тўғри баҳо бериб, йўналишини тўғри танлаши керак.

Тўғри, магистратурага ҳужжат топширишда турдош ва мос йўналишларнинг бекор қилингани ўзини оқлаган жиҳатлар ҳам бўлди. Лекин оқламаётган жиҳатлари кўриниб қолди. Бакалаврда олинган базавий билим магистратурада жуда муҳим ўрин тутади. Магистратурани тугатганлар асосий қисми иқтисодиётнинг энг юқори соҳаларида фаолият юритади. Бу босқичда яхши билим олинмаса, кейинги фаолиятга ўз салбий таъсирини кўрсатади. Шу сабабли, мувозанат бўлгани яхши”, деди Абдували Холиқов.

Вазирлик расмийсига кўра, бакалавр битирувчилари магистратурага қайси йўналишларга ҳужжат топшириши мумкинлиги ҳақида олий ва ўрта махсус таълим вазири буйруғи чиқади ва бу буйруқ магистратурага қабул жараёни бошлангунга қадар эълон қилинади. 

Top