18:08 / 21.05.2021
9779

«Бу йил ОТМга кириш имтиҳонлари нечта фандан бўлиши тасдиқланмаган» — Беҳзод Мусаев

Бош вазир ўринбосари бу йилги тест синовларида нечта фандан имтиҳон бўлиши масаласи тўлиқ ҳал бўлмаганини айтди. Бироқ аввалроқ Давлат қабул комиссияси барча учун умумий блокда 3 та, мутахассислик блокида 2 та фандан тест олиниши бўйича қарор қабул қилганди.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» доирасида ёшлар билан очиқ мулоқот давомида 2021–2022-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тест синовлари нечта фандан бўлиши масаласига тўхталиб ўтди.

«Ҳозирча бу йилги тест синовларида нечта фандан имтиҳон бўлиши масаласи тўлиқ ҳал бўлгани йўқ. Бу масалани ҳал қиладиган республика махсус комиссияси бор. Ушбу комиссия аъзоси сифатида сизга айтишим мумкинки, 5та фандан тест бўлиши масаласи ҳеч қаерда тасдиқлангани йўқ.

Кўрдингиз, пандемия сабаб ўтган йили имтиҳонлар 2та фандан ўтказилди. Карантин тўлиқ чекинмаган ҳолатда 2та фандан топшириб, кейинги йилда бирданига 5та фандан бўлиши ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Бу масала кўриб чиқилмоқда ва тез орада аниқ бир тўхтамга келинади», – деди бош вазир ўринбосари.

Бироқ таъкидлаш лозим, Давлат қабул комиссиясининг 2021 йил март ойидаги баёнига кўра, бу йилги кириш имтиҳонларида 2 та мутахассислик фанларидан ташқари, 3 та умуммажбурий фанлар блокида ҳам тест топшириши лозим.

Таълим йўналишига мос 2 та фан бўйича тестда тўғри жавоблар учун 3,1 баллдан берилади. Мажбурий фанлар блокида она тили, математика ва Ўзбекистон тарихидан жами 45та савол бўлиб, уларнинг ҳар бирига 2,1 баллдан берилади.

Top