18:10 / 21.05.2021
6569

Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда имтиҳон кунлари ҳамда тартиби маълум қилинди

АОКАда Президент, ижод ва ихтисослашган мактабларни ривожлантириш агентлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида ижод мактабларига қабул ва имтиҳон жараёнлари тартиби ҳамда талаблари тўғрисида маълумот берилди.

Дилфуза Собирова

Маълум қилинишича, ижод мактабларининг 1-босқич саралаш имтиҳонлари 2021 йил 5 июлдан 13 июлга қадар, 2-босқич (тест синовлари) 2021 йил 15 июлдан 20 июлга қадар ташкил этилади.

Ижод мактабларида 1-босқич (ижодий синовлар) натижалари синов ўтказилган кундан бошлаб 5 кун муддат ичида эълон қилинади. 2-босқич (тест синовлари) натижалари эса синов ўтказилган кундан 3 кун ўтиб эълон қилинади.

Агентлик ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова мазкур мактабларда йўлга қўйилган янги йўналишлар ҳақида маълумот берди.

“Ижод мактабларида нафақат адабиёт, балки таржимонлик, журналистика, замонавий медианинг SММ соҳаси бўйича ҳам билим бериш йўлга қўйилди. Шунингдек, чет тиллари, хусусан, инглиз, немис ва француз тиллари ҳам  чуқурлаштирилган дастур асосида тез ва осон ўргатилади.

Шу билан бирга, эндиликда ижод мактаби ўқувчилари эски ўзбек ёзуви ҳамда нотиқлик санъати бўйича ҳам билим олишади.

Мазкур мактабларда ўқувчи давлат таълим стандартлари доирасида фундаментал билим, малака ва кўникмага эга бўлади ҳамда ўз қизиқиш ва лаёқатига кўра таълимни олий ўқув юртларида давом эттириши мумкин.

Ижод мактабларида ижодкорликка иқтидори юқори бўлган ёшларга чет тиллар ва адабиётни чуқурлаштириб ўқитиш орқали бўлажак тил тадқиқотчилари, матншунослар, таржимонлар, журналистлар, медиа мутахассислари ҳамда шеърият, наср, драматургия, публицистика йўналишларида ижод қилиш асосини эгаллаб, улардан бирида ижодий машқ қила олишлари рағбатлантирилади. Яна қўшимча тарзда мактабда таҳсил олишлари давомида мактаб ўқувчиларида камида битта замонавий ва битта миллий касблар бўйича кўникмалар ҳосил қилиш кўзда тутилган”, деди у.

Top