19:11 / 22.05.2021
9530

ЕОИИ доирасидаги савдода нотариф усулларини яқинлаштиришнинг ижобий жиҳатлари санаб ўтилди

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти мутахассиси фикрларига кўра, ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан ташқи савдони тартибга солишнинг нотариф усулларини яқинлаштириш ҳамда турли савдо тўсиқларини бартараф этиш қатор ижобий жиҳатларга олиб келиши мумкин.

Фото: РЖД-Партнер

 21 май куни Евросиё иқтисодий кенгашининг видеоконференция шаклидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жумладан, турли савдо тўсиқларини бартараф этиш ва ташқи савдони тартибга солишнинг нотариф усулларини янада яқинлаштириш бўйича Евросиё иқтисодий комиссияси ҳамда Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга доир таклифларни илгари сурди.

Маълумот учун, нотариф усуллар ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг маъмурий воситаси ҳисобланиб, экспорт ёки импортни чеклаш, тақиқлаш, олиб кириш ва олиб чиқишни лицензиялаш ва квоталаш, экспортни ихтиёрий чеклаш, техник тўсиқлар, импортга турли солиқлар ва йиғимларни жорий қилиш, экспортни субсидиялаш, кредитлаш, демпинг кабиларни ўз ичига олади. Бу ўринда нотариф тўсиқлар рақобат муҳитининг ёмонлашувига, ташқи савдони амалга оширишда кўп вақт сарфига, шунингдек, товар ва хизматлар нархининг асоссиз ошишига олиб келиши мумкин.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти(СМТИ) илмий ходими Азимбек Нажимовнинг фикрича, ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан ташқи савдони тартибга солишнинг нотариф усулларини яқинлаштириш ҳамда турли савдо тўсиқларини бартараф этиш қатор ижобий жиҳатларга олиб келиши мумкин.

Биринчидан, экспорт ва импорт жараёнларида товарларни божхона текширувидан ўтказиш учун сарфланадиган вақт ва талаб қилинадиган ҳужжатлар сони камаяди. Натижада маҳаллий тадбиркорларнинг иттифоққа аъзо мамлакатлар ҳудудига ўз маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти кенгаяди. 

Маълумот учун, 2020 йилда иттифоққа аъзо мамлакатлар билан Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 8,8 миллиард долларга тенг бўлган.

Иккинчидан, Ўзбекистон иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлиги ортади. ЕОИИ аҳолиси 186 миллиондан ортиқни, номинал ялпи ички маҳсулоти эса, Жаҳон банкининг 2020 йилги маълумотларига кўра, 2,15 триллион долларни ташкил этувчи йирик бозор ҳисобланиб, республиканинг мазкур иқтисодий маконда эркин савдо қилиши учун шарт-шароитларнинг янада яхшиланиши хорижий инвесторларда Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритиш учун рағбатни оширади.

Учинчидан, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлик даражаси ортишига хизмат қилади. Жумладан, турли савдо тўсиқларининг бартараф этилиши ички бозорда рақобат кучайишига олиб келади. Бу эса миллий ишлаб чиқарувчиларни замонавий технологияларни жалб этиш орқали ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш, маҳсулот сифатини ошириш ва таннархини камайтиришни янада рағбатлантиради.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бунда энг муҳими, мазкур жараён тенг ҳуқуқлилик тамойилига асосланиб, фақатгина бир давлатнинг эмас, балки барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши ва ташқи савдони тартибга солишнинг нотариф усуллари барча учун муқобил бўлган тарзда белгиланиши зарур.

Top