11:08 / 23.05.2021
10232

Ҳиндистон мамлакатда тарқалган штаммни «ҳиндча штамм» деб атамасликни талаб қилди

Ҳиндистон алоқа ва ахборот технологиялари вазирлиги ижтимоий тармоқлардан коронавируснинг мамлакатда тарқалган тури “ҳиндча штамм” деб аталган барча маълумотни ўчиришни талаб қилди. Таъкидланишича, ушбу штамм расман B.1.617 деб аталади ва “ҳиндча штамм” атамасининг ишлатилиши Ҳиндистон нуфузига путур етказади.

Вазирликнинг ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи компанияларга йўллаган мактубида ЖССТ коронавируснинг бирорта штаммига бундай ном бермагани маълум қилинган ва улардан “ҳиндча штамм”ни назарда тутувчи барча маълумотни дарҳол ўчириб ташлаш талаб қилинган.

“Коронавируснинг бундай номдаги варианти йўқ. ЖССТ бирорта ҳам хабарида B.1.617 штаммига нисбатан “ҳиндча штамм” атамасини қўлламаган”, деб айтилган вазирликда ва вируснинг ушбу турини бундай аташ учун ҳеч қандай асос йўқлиги таъкидлаб ўтилган.

Ўз навбатида, ЖССТнинг Жануби-Шарқий Осиё давлатларидаги минтақавий бюроси ЖССТ вирус ёки штаммларни улар биринчи марта қайд қилинган давлатлар номлари билан белгиламаслигини таъкидлаб ўтган.

“Биз уларга илмий номлари бўйича мурожаат қиламиз ва бир хиллик учун барчадан ҳам шундай қилишни илтимос қиламиз”, деб айтилган халқаро ташкилотда.

Маълумотларга кўра, апрел ойида Ҳиндистон ҳукумати Twitter ва Facebook’дан мамлакат бош вазири Нарендра Модининг коронавирусга қарши кураш чораларини танқид қилувчи хабарларни ўчириб ташлашни сўраган.

Top