22:33 / 25.05.2021
2340

Самарқандда «Кобальт» «Камаз» билан тўқнашди. 2 киши вафот этди, 2 киши шифохонага ётқизилди

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида «Кобальт» ва «Камаз» иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши вафот этган. Яна икки киши оғир тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 20 май куни 03:30ларда М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Самарқанд тумани Қўштамғали маҳалласидан ўтувчи қисмида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи 31 ёшли ҳайдовчи «Кобальт» машинасида Тошкент-Термиз йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётиб, ухлаб қолган. Сўнг, бошқарувни йўқотиб, ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи шахс бошқарувида бўлган «Камаз» юк машинасига бориб урилган. Тўқнашув оқибатида «Кобальт» ёниб кетган.

Оқибатда, «Кобальт»да йўловчи сифатида кетаётган икки киши оғир тан жароҳатлари олиб, ҳодиса юз берган жойда вафот этган. «Кобальт» ҳайдовчиси ва бир йўловчи куйиш ва яна бошқа оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Қайд этилишича, Самарқанд туман ИИБ ЙҲХБ томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказилмоқда.

Top