08:40 / 26.05.2021
1836

Ўзбекистон туманилик спортчи Зиёда Исоқова Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритди

Олтин медални қўлга киритган Зиёда Исоқова Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри иштирок этадиган бўлди.

Айни кунларда Иорданиянинг Амман шаҳрида пара таэквондо бўйича Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензия берувчи Осиё мусобақаси бўлиб ўтмоқда.

Аёллар ўртасида -49 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Ўзбекистон туманилик Зиёда Исоқова олтин медалга сазовор бўлди ҳамда Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензияни қўлга киритди.

Айни дамгача Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси спортчилари Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига 29 та лицензияни қўлга киритишган.

Маълумот ўрнида, Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори Зиёда Исоқова Ўзбекистон туманининг Қулибек қишлоғида истиқомат қилади. Ўзбекистон Миллий университети талабаси. Унинг биринчи устози, Ўзбекистон туманидан кўплаб таэквондочиларни етиштириб чиққан ва ҳозирда ҳам 150 га яқин ёшларни спортнинг ушбу тури билан шуғуллантираётган Озодбек Ҳасановдир.

Аввалроқ фурқатлик спортчи қиз ёшлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритгани ҳақида хабар қилинган эди.

Top