Спорт | 19:35 / 29.12.2021
11417
6 дақиқада ўқилади

Токио-2020 ғолибларига аталган йил. «Uzbekistan Sport Awards-2021» миллий мукофоти лауреатлари эълон қилинди

Фото: Tribuna.uz

Бугун, 29 декабрь куни Тошкентдаги «Hilton» меҳмонхонасида «Uzbekistan Sport Awards-2021» миллий мукофоти ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ўзбек спортининг йил якунларига бағишланган тақдирлаш маросими Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табриги билан бошланди.

Фото: Tribuna.uz

Шундан сўнг турли номинацияларда йилнинг энг яхшилари тақдирланди. Жумладан, «Йил кашфиёти» соврини – таэквондо бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитовга насиб қилди.

Эътиборлиси, маросимда энг асосий соврин – «Йилнинг энг яхши спортчиси» икки йўналишда танланди. Мухлислар ўртасидаги сўров натижаларига кўра, «Йилнинг энг яхши спортчиси» дея бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов топилди.

Республика комиссияси хулосасига кўра, «Йилнинг энг яхши спортчиси» дея, Ўзбекистон миллий кубоги ғолиби – оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Акбар Жўраев эълон қилинди. Ҳар икки ғолиб ҳам 10 минг АҚШ доллари мукофот пули билан тақдирланди.

Барча номинациялар ғолиблари:

  • «Спорт соҳасидаги кўп йиллик хизмати учун» Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов тақдирланди.
  • «Йилнинг энг фаол оммавий спорт тарғиботчиси» сифатида Мудофаа вазирлиги спорт маркази эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг фаол спорт журналисти» – «Спорт ТВ» телеканали журналисти Шафоат Толибжонова.
  • «Йилнинг энг фаол спорт фото мухбири» – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва «Olamsport.com» сайти фотомухбири Алмурат Мамадаминов.
  • «Йилнинг энг фаол спорт мухлиси» сифатида Абдураҳмон Фозилов эътироф этилди.
  • «Спорт йўналиши бўйича йилнинг энг фаол матбуот хизмати» сифатида Ўзбекистон футбол ассоциацияси эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг фаол спорт сайти» сифатида «Sports.uz» сайти эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг фаол спорт мактаби» сифатида Бухоро тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг яхши мураббийи» сифатида Токио-2020 Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитовнинг мураббийи – Хан Павел эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг яхши ёш спортчиси» – бокс бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова.
  • «Йилнинг энг яхши ёш спортчиси» – эркин кураш бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Камронбек Кадамов.
  • «Йилнинг энг томошабоп спорт тадбирлари ташкилотчиси» сифатида Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг матонатли эркак спортчиси» – пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолиби Элбек Султонов.
  • «Йилнинг энг матонатли аёл спортчиси» – пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолиби Нурхон Қурбонова.
  • «Йилнинг энг яхши пара спорт мураббийи» – пара енгил атлетика бўйича мураббий Сардор Абдухолиқов.
  • «Йилнинг энг яхши ёш матонатли спортчиси» – пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолиби Бобуржон Омонов.
  • «Йилнинг энг яхши ёш матонатли спортчиси» – пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолиби Асила Мирзаёрова.
  • «Йилнинг энг сахий спорт ҳомийси» - «ҚизилқумЦемент» акциядорлик жамияти, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва «Orient Finans Bank» – хусусий акциядорлик тижорат банки.
  • «Йилнинг энг ҳалол ҳаками» сифатида дзюдо бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, Халқаро дзюдо федерациясининг кўплаб мусобақалардаги асосий баҳсларида ҳакам сифатида ишлаган Рамзиддин Саидов эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг яхши спорт федерацияси» сифатида Ўзбекистон камондан отиш федерацияси.
  • «Йилнинг энг интилувчан федерацияси» сифатида Ўзбекистон тарихида илк бор Олимпия ўйинларига спортчиси йўлланма олган Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси.
  • «Спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қўшган ҳиссаси учун» – Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров тақдирланди.
  • «Йил кашфиёти» соврини – таэквондо бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитов.

Мухлислар ўртасидаги сўров натижаларига кўра, «Йилнинг энг яхши спортчиси» – бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов.

Фото: Tribuna.uz

Республика Комиссияси хулосасига кўра, «Йилнинг энг яхши спортчиси» Ўзбекистон Миллий кубоги ғолиби – оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Акбар Жўраев.

Фото: Tribuna.uz

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг энг яхши спортчиси номига дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Давлат Бобонов муносиб кўрилган эди. Йилнинг энг яхши мураббийи номи эса самбо бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Роман Шакировга насиб қилган.

Мавзуга оид