18:00 / 27.05.2021
5085

2021 йилда истеъмолчиларга қанча электр энергияси ва газ етказиб берилиши маълум қилинди

Истеъмолчиларга жами 30 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилади. Шунингдек, келаётган куз-қиш мавсумида истеъмолчилар жами 28 миллиард 842 миллион куб метр табиий газ билан таъминланади.

Энергетика вазирлиги 27 май куни бўлиб ўтган ҳамда тизимда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига бағишланган жамоатчилик эшитувида 2021 йилда истеъмолчиларга етказиб бериладиган газ, электр энергияси, кўмир миқдори ҳақида маълумот берди. Вазирлик бу борада муҳим рақамларни очиқлади.

Истеъмолчиларга қанча электр энергияси етказиб берилади?

Йил якунига қадар истеъмолчиларга электр энергетика соҳасида генерация қувватлари ҳажми 14 минг мегаваттдан 15 минг 800 мегаваттгача етказилади ёки 1 минг 800 мегаваттга оширилади. 2016 йилга нисбатан эса 52 фоизга кўп генерация қувватларига эга бўлинади.

Тошкент вилоятида қуввати 240 мегаватт бўлган иссиқлик электр станцияси, Хоразм вилоятида 174 мегаватт қувватли газ-поршенли электр станцияси, Навоий вилоятида 100 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси октябр ойида ишга туширилади (жами 514 мегаватт).

Декабр ойида Тошкент вилоятида умумий қуввати 470 мегаватт бўлган 2 та иссиқлик электр станцияси, Бухорода 270 мегаватт ва Қашқадарёда 220 мегаваттли ростловчи станциялар ҳамда Самарқанд вилоятида 100 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилади (жами 1060 мегаватт).

Янги барпо этилган қувватларда куз-қиш мавсумида 4 миллиард 600 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади (йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 миллиард киловатт-соат).

Жами 26 минг километр паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 9 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари график асосида мукаммал таъмирланади.

Маълумот учун, ўтган мавсумга нисбатан 3 минг километр тармоқлар ва 1268 та трансформатор пунктлари кўпроқ таъмирланади.

Бундан ташқари, паст ва ўрта кучланишли тармоқларни модернизация қилиш дастури доирасида 15 минг километр электр узатиш тармоғи ва 4 мингта трансформатор пунктлари реконструкция қилинади ва янгиланади.

Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши эвазига октябр-март ойларида истеъмолчиларга жами 30 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилади. Бу ўтган йилги мавсумга нисбатан 2 миллиард киловатт-соатга ёки 7 фоизга кўп электр энергияси етказиб берилади.

Aҳоли табиий газ билан қай тарзда таъминланади: қанча миқдорда газ, суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилади?

Республика истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида 70 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланади, 83 километри реконструкция қилинади. 5 мингдан ортиқ газ тақсимлаш пунктлари 1 октябрга қадар мукаммал таъмирланади.

Денгизкўл конида йиллик қуввати 3 миллиард куб метр табиий газни қазиб олиш имконини берадиган компрессор станцияси ноябр ойида ишга туширилади.

Чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида, келаётган куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 28 миллиард 842 миллион куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу ўтган мавсумга нисбатан 1 миллиард 185 миллион куб метрга кўп.

Табиий газ етказиб беришда ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш учун жорий йил декабр ойига қадар 3 миллион 546 мингта АСКУГ тизимига мос келадиган газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунланади. Ҳозирда 1 миллион 172 мингтаси ўрнатилди, шундан 1 миллион 142 мингтаси биллинг тизимига уланди.

2021 йилда аҳоли истеъмолчиларига 610 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу ўтган йилга нисбатан 79 минг тоннага кўп. 2016 йилга нисбатан эса 359 минг тоннага ёки 2,4 бараварга кўп. Октябр-март ойларида аҳолига 318 минг 600 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади.

Тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида 1 сентябрга қадар 3 миллион 580 мингта ID-карталарни истеъмолчиларга бериш ишлари якунланади. Ҳозирда маиший газ баллонларига 4 миллион 395 минг дона кодли стикерлар бириктирилиб, маълумотлар базаси яратилмоқда.

Жорий йилда истеъмолчиларига жами 8 миллион 723 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилади.

Top