19:49 / 28.05.2021
28754

Президент ҳокимларга банклардан олинган қарзларни қайтариш бўйича қатъий топшириқ берди

Коммунал ширкатларнинг муддати ўтган кредиторлик қарзи 1,4 триллион сўмдан ошиб кетган. Давлат раҳбари банклардан олинган бу кредитлар қайтарилишини таъминлашни буюрди. «Ҳар бир ҳоким бу масала учун боши билан жавоб беради», деди у.

Президент Шавкат Мирзиёев 28 май куни ижтимоий инфратузилмани яхшилаш мавзусида видеоселектор чақирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Давлат раҳбарига кўра, сўнгги 3 йилда кўп квартирали уй-жойлар сони 2 бараварга ошган, лекин ширкатларнинг муддати ўтган кредиторлик қарзи 1,4 триллион сўмга етган.

«Жорий йилда ишга туширилган «Шаффоф қурилиш» тизими орқали пудратчиларни очиқ-ошкора танлаб олиш натижасида, бир ойнинг ўзида инвестиция дастурлари доирасида 400 миллиард сўмдан зиёд маблағлар иқтисод қилинди. Умуман, қурилишда коррупцияни йўқотсак, натижамиз бутунлай бошқача бўлади.

Кун тартибидаги асосий масала – сўнгги 3 йилда умумий майдони 41 миллион квадрат метрли 155 мингта хонадон фойдаланишга топширилиб, кўп квартирали уй-жойлар сони 2 бараварга ошди. Янги уй-жойлар ва замонавий массивлар сонининг ошиши билан, кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишнинг долзарблиги ортиб бормоқда.

Ўтказилган сўровларда 35 фоиз аҳоли кўп-қаватли уй-жойларга кўрсатилаётган хизматлардан мутлақо норози, 65 фоиз аҳоли ширкатлар ишини амалда сезмаяпти.

Шунингдек, ширкатларнинг муддати ўтган кредиторлик қарзи 1,4 триллион сўмдан ортиб (шундан 277 миллиард сўми муаммоли кредит), 950 тасининг (25 фоиз) молиявий ҳолати ўта оғир аҳволда.

Банкдан баландпарвоз гаплар билан пул олишни ўргандик, энди қайтаришни ҳам ўрганайлик. Ҳар бир ҳоким бу масала учун боши билан жавоб беради. 1,4 трлн ҳам қайтса, ўша ҳудуднинг ўзида қолдирамиз, Тошкентга олиб келмаймиз.

Қарийб 70 фоиз ширкатларнинг кредит муддатлари ҳаттоки 3-4 мартадан узайтириб берилгани билан ушбу имтиёз берилган кредитларнинг 52 фоизи сўндирилмаяпти.

Муаммоли кредитларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри (90 миллиард сўм), Андижон (35 миллиард сўм), Тошкент вилояти (28 миллиард сўм), Фарғона (27 миллиард сўм), Сурхондарё (26 миллиард сўм) ва Самарқандга (22 миллиард сўм) тўғри келади», – президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top