15:20 / 28.05.2021
2637

Омбудсман вакили Самарқанддаги 63-сонли мактаб интернатда носоғлом муҳит ҳукм сураётганини маълум қилди

Бундан бир неча кун аввал Самарқанд вилояти Оқдарё туманида жойлашган ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда тарбияланаётган болалар калтакланган. Бу ҳолат Сенат ва вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинган эди. Ўрганишларда аниқланишича, бугун бу таълим масканида носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 25 май куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Н.Раббимова, вилоят ҳокими Э.Турдимов, Оқдарё тумани ҳокими Н.Сулаймонов, туман прокурори Д.Кубаев, туман ИИБ бошлиғи Б.Ибрагимов, вилоят ХТБ бошлиғи З.Шодиева ва бошқарманинг масъул ходимлари томонидан ўрганилган.

Минтақавий вакилнинг аниқлашича, ушбу муассасада тарбияланаётган 2 нафар бола отаси томонидан уйига қайтариб олиб кетилган. Кўзи кўкарган бола эса 11 март куни тенгдоши билан уришганлиги ва ўшанда кўзи кўкарганини айтган. Бу ҳолат боланинг тиббий анкетасида ҳам қайд этилган.

Шунингдек, тоғорада кир юваётган 4-синф боласининг онаси билан суҳбат қурилганида бу каби ҳолатлар 4 йил давомида умуман кузатилмаганлиги ва ушбу расмни кўриб тушунмаганини билдирган. Бу ҳолат қўшимча ўрганилиши, ҳолатга ойдинлик киритилгач, бола ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, соғлиғини сақлаш масалаларида йўл қўйилган камчиликлар аниқланса, уларга тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.

Н.Раббимованинг сўзларига кўра, муассасада носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда. Ходимлар ўртасида ўзбошимчалик, раҳбарларга бўйсунмаслик, лавозим вазифаларини бажармаслик, ўз ишига эътиборсизлик билан қараш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

Қайд этилишича, мазкур масала Самарқанд вилояти ҳокими назоратига олиниб, муассасадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича қатъий вазифа ва топшириқлар берилган.

Top