15:39 / 29.05.2021
22038

Тошкент поликлиникаларида пулли хизмат кўрсатаётган лаборатория шаҳар ССББ мулозимларига тегишли экани маълум бўлди

Тошкент шаҳридаги деярли барча оилавий поликлиникаларда «SS-LAB» компаниясига тегишли лабораториялар аҳолига пулли хизмат кўрсатиб келаётгани маълум бўлди. Kun.uz суриштируви давомида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мулозимлари ушбу хусусий корхона таъсисчилари экани аниқланди.

Фото: Boston Globe/ Boston Globe via Getty Images

«SS-LAB» клиникаси кимга тегишли?

«SS-LAB» тиббий-диагностика лабораторияси 2018 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда ўзига хос лабораториялар тармоғига айланган ушбу компания Тошкентнинг барча туманларида 50дан ортиқ биоматериаллардан намуна олиш пунктларига эга. Клиника 500дан ортиқ турдаги таҳлил, лаборатория диагностикаси хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Хизматлар пулли.

Очиқ маълумотларга кўра, Ботирбек Исабеков, Aнвар Раҳимов ва Улуғбек Эгамбердиев «SS-LAB – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси» МЧЖ таъсисчилари ҳисобланади. 2019 йил июнидан 2020 йил август ойигача Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига раҳбарлик қилган Ботирбек Исабеков хусусий клиника устав фондидаги улушнинг 33,40 фоизига эгалик қилади. У айни пайтда шаҳар ССББда бошлиқ ўринбосари бўлиб ишламоқда.

Таъсисчиларнинг яна бири Улуғбек Эгамбердиев бугунги кунда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган бўлса, бошқа бир муассис – Aнвар Раҳимов ҳам илгари мазкур бошқармада фаолият юритгани маълум бўлди. Ботирбек Исабековнинг Kun.uz’га билдиришича, Раҳимов ҳозир соғлиқни сақлаш тизимининг бошқа йўналишида фаолият юритади.

«SS-LAB» лабораторияларининг оилавий поликлиникалардаги фаолияти қонунийми?

Kun.uz’га мурожаат қилган фуқаро Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиникага боргани, уни кўрикдан ўтказган шифокор тўғри ташхис қўйиши учун турли таҳлиллар керак бўлишини айтиб, уни поликлиника лабораториясига йўналтирганини маълум қилади. Энг қизиғи, лабораториядагилар шифокор ёзиб берган қон ва бошқа таҳлилларнинг айримлари бепул, айримлари эса пулли эканини, бепуллари учун намуна олиб қолишларини, пуллиларини эса қўшни хонада тўлов асосида топшириши мумкинлигини айтишади.

Шундан сўнг фуқаро тўрт турдаги таҳлилларни мазкур поликлиника биносида жойлашган «SS-LAB» лабораториясида топширгани, бунинг учун эса, албатта, прейскурант бўйича пул тўлаганини айтади.

Шу ўринда давлат тасарруфидаги тиббиёт муассасасида хусусий диагностика лабораториясининг фаолияти қанчалик қонуний экани, қолаверса, аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматлар амалдаги қонун ҳужжатларига қанчалик мувофиқ экани, бундан ташқари пойтахтдаги деярли барча поликлиникаларда тизим мансабдор шахсларига тегишли бўлган компания ўз хизматларини таклиф қилаётгани кўплаб саволларни туғдириши табиий. Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида»ги қонунида давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан аҳолига кафолатланган тиббий ва бошқа турдаги ёрдам бепул кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Бепул тиббий ёрдам кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасалари рўйхати 1998 йил 10 ноябрдаги президент фармонининг 2-иловасида келтирилган. Ушбу рўйхатдан амбулатория поликлиника муассасалари ҳам ўрин олган.

Юқоридаги фармон билан тасдиқланган Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар рўйхати келтириб ўтилган. Тўғри, бу рўйхатда қон ва бошқа турдаги биоматериалларнинг диагностика-таҳлиллари йўқ. Бироқ Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиникаларда шу турдаги хизматлар бепул кўрсатилаётгани диагностика-таҳлиллари кафолатланган бепул тиббий хизматлар сирасига киришини англатади, назаримизда.

Адлия вазирлигининг эслатишича, туман ва шаҳар оилавий поликлиникалари, кўп тармоқли туман ва шаҳар поликлиникалари давлат бюджети асосида аҳолига бепул хизмат кўрсатиши керак. Шунга кўра, оилавий поликлиникаларда айрим таҳлиллар учун намуналар хусусий лаборатория томонидан олинаётгани ва кўрсатилган хизмат учун тўлов ундирилаётгани қатор саволларни келтириб чиқаради.

Манфаатлар тўқнашуви нима бўлади?

Ботирбек Исабеков ҳозирги вақтда Тошкент шаҳридаги кўплаб поликлиникаларда аҳолига пулли хизмат кўрсатиб келаётган «SS-LAB» лабораторияларининг фаолияти қонуний экани, ушбу лабораториялар ва оилавий поликлиникалар ўртасида ижара шартномалари имзоланганини айтиб ўтди.

«Бу нарса одамларга қулайлик яратиш мақсадида қилинган. Чунки поликлиникаларда ўзининг стандартидан бошқа таҳлиллар йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 517-сонли буйруғида асосан, поликлиника қилиши керак бўлган таҳлиллар бор. Вазирлик белгилаб берганидан ташқарилари клиникаларда қилинади», – дейди мутасадди.

2017 йил 6 июндаги президент қарори билан тасдиқланган Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиника тўғрисидаги намунавий низомда малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда клиник, биокимёвий лаборатория ва инструментал тадқиқотлар ўтказиб касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сурункали касалликларга айланиб кетишига йўл қўймаслик поликлиниканинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Демак, «одамларга қулайлик яратиш мақсадида айрим таҳлилларнинг хусусий фирмага берилиши»ни президент қарорида белгиланганидек, оилавий поликлиникаларнинг зиммасидаги вазифасини бажаришга уриниши, деб ҳисоблайдиган тақдиримизда ҳам бунинг харажати аҳолининг зиммасига тушиши ҳеч бир ҳужжатда белгиланганман.

Келинг, бу ишларнинг ҳаммаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган, деб тасаввур қиламиз. Бироқ шунда ҳам, давлат тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизматларни жорий этиш бўйича мавжуд тартиб-қоидаларга амал қилинганми? Масалан, бунинг учун тендер танлови ўтказилиши, иштирокчиларга тенг имконият ва шароитлар яратилиши, танловда энг яхши таклиф эгаси қонун ҳужжатлари асосида танлаб олиниши талаб этилади. Хўш, бу борада тарафлар қонун талабларига қанчалик амал қилишган? Ўзларига тегишли фирманинг лабораториялари учун ҳеч қандай тендерсиз жой ажратган оилавий поликлиникаларнинг мутасаддиларига Тошкент шаҳар ССББ мулозимлари мансаб ваколатидан фойдаланиб таъсир ўтказишмаганмикин?

Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов Kun.uz’га «SS-LAB – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси» МЧЖ ўз лабораториялари учун айрим жойларни давлатдан ижарага олгани, айримларини эса аукцион орқали ижарага олганини, лекин бу ҳақдаги маълумотлар шартномавий муносабатларга кўра, томонларнинг розилиги билан учинчи шахсга тақдим этилиши мумкинлигини маълум қилди.

«SS-LAB – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси» МЧЖ таъсисчилари пойтахтдаги деярли барча оилавий поликлиникаларда фаолият олиб бораётган «SS-LAB» лабораториялари «Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК томонидан ўтказилган электрон-онлайн аукцион асосида давлат мулкини ижарага олишганини таъкидлашган.

Бироқ, Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган «SS-LAB» лабораториялари таъсисчиларининг соғлиқни сақлаш тизимидаги масъул лавозимлар эгаси экани бу келишувларнинг манфаатлар тўқнашувисиз кечгани, хизмат ваколатлари суиистеъмол қилинмаганини шубҳага қўяди. Бу билан кимнидир ёмонотлиқ қилиш ниятимиз йўқ, шунчаки, суриштирувларимиз давомида туғилган саволлар ва далилларнигина ўртага ташладик, холос. Ўйлаймизки, давлат идоралари мансабдор шахсларининг манфаатлари кесишадиган бу каби нуқталарга тегишли идоралар ҳам нигоҳ ташлаб қўядилар.

Жамшид Ниёзов,
Раҳматилло Исроилов,
Kun.uz мухбирлари

Top