09:29 / 30.05.2021
9479

«Муваффақият бу – бажарган ишингиздан чин маънода фахрлана олиш» — сунъий интеллект бўйича мутахассис билан суҳбат

«Осмондаги болалар» лойиҳасининг 13-сони меҳмони – Alif Fintech компанияси етакчи мутахассиси, бир нечта стартаплар инвестори ва амалий ташкилотчиси, iSystem дастурчилар мактаби асосчиларидан бири Аъзамжон Немадалиев.

37 ёшли Аъзамжон Немадалиев Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. 2005 йилда Тошкент ислом университетини, 2007 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини, 2016 йилда University Putra Malaysia университетини битирган.

Малайзиядаги фаолият

— 2007 йили Putra Malaysia университетидан тадқиқот лойиҳасида қатнашиб, ўша ерда ишлаш таклифи тушди. У ерга 2007 йил охирларида йўл олдим. Маълум сабабларга кўра, PhD даражасини олиш учун таҳсилим қарийб 6 йилга чўзилди.

Шу вақт давомида ҳам ўқиб, ҳам ишладим. 2012 йилда эса ўша ерда IT-компания очдик. Компанияга Ўзбекистондан 4-5 кишини чақириб, иш фаолиятини бошлаганмиз.

Бироз вақт ўтиб тушундимки, IT-тадбиркор бўлиш ҳам яхши, лекин асосан бошқарув билан банд бўлиб қолиш одамдаги илмий фаолият сусайишига олиб келади. Шу сабабли академик фаолиятимни тиклашга қарор қилдим ва 2018 йилда Малая университети Ахборот технология факультетининг Сунъий интеллект кафедрасида “post-doc”, яъни докторантурадан кейинги тадқиқотчи сифатида ишлай бошладим. Шу жараёнда бир йил давомида талабаларга дарс ҳам бердим.

Шундан сўнг фаолиятимни сунъий интеллект соҳасида давом эттирдим, Малайзияда шу соҳада бир нечта лойиҳаларда иштирок этдим. Сунъий интеллектга қизиқишим PhD қилаётган вақтимда пайдо бўлганди.

Ўтган йили эса Ўзбекистонга қайтишга қарор қилдим. Ўз тажрибам билан жамиятимиз ривожига ҳисса қўшиш ниятидаман. Яқинда дастурчилар тайёрловчи iSystem ўқув марказини ташкил қилдик. Иншааллоҳ, катта ниятларимиз бор.

«Сунъий интеллект қишлоқ хўжалигида ишчи кучига харажатларни 42-46 фоизга камайтириб беради»

— IT соҳаси каби, сунъий интеллект соҳасида ҳам сиз қаерда туриб ишлаётганингиз у қадар муҳим эмас. Чет элга бориб эмас, шу ернинг ўзида туриб ҳам сунъий интеллектни ўрганиш ва шу соҳада онлайн ишлаш мумкин. Пандемия ўзи кўрсатиб қўйди, ҳозирги кунда дунё – худди бир маҳалладек.

Масалан, оддий иссиқхона. Ҳозирги кунда иссиқхоналарнинг бешинчи авлод технологиялари бор. Улар ёрдамида оддий помидор етиштиришни жуда илғор равишда ташкиллаштириш мумкин. Томчилатиб суғориладиган иссиқхонани маълум қурилмалар билан жиҳозлаб, жараённи автоматлаштириш мумкин. Иссиқхонанинг ҳозирги ҳолати ҳақидаги барча маълумотлар, йиғилган таҳлиллар қўлингиздаги телефонда бўлади.

Сунъий интеллект ёрдамида сиз ҳар томонлама оптимизацияга эришасиз. Вақт, маҳсулот сифати, сувни тежаш, ходимларни ишлатиш харажатлари...

Ҳозир, сир эмас, қишлоқ хўжалигида дронлар ёрдамида жуда кўп масалаларнинг ечими топиляпти. Сунъий интеллект қишлоқ хўжалигида ишчи кучига харажатларни 42-46 фоизга камайтириб беради. Бу – катта қиймат.

Сунъий интеллект – бу...

— Сунъий интеллектнинг асосида маълумотлар ётади. Маълумот базаси сақланиши, қайта ишланиши, унинг устидаги таҳлиллар сунъий интеллектни ташкил этади.

Инсоният даставвал ёзувни ихтиро қилди. Ёзув – бир ўлчамли маълумот сақлаш. Вақт ўтиши билан маълумотлар кўпайиб кетди ва энди инсониятга бу кифоя қилмай қолди, маълумотларни сақлашнинг икки ўлчамли шакли керак бўлиб қолди. Яъни ҳам горизонтал, ҳам вертикал маълумотларни ўзаро боғлаш зарурати туғилди. Бу – Excel. Биласиз, Excel ихтиёрий бир ячейкадаги маълумотни у ёки бу манзилда бошқаси билан боғлайди. Бу – компьютер технологияларининг кириб келиши маҳсули бўлди.

Вақт ўтиб, икки ўлчамли маълумотлар ҳам инсониятни қониқтирмай қолди, чунки Excel'да маълумот кўпайиб кетди. Ана энди маълумотнинг икки ўлчамлидан илғорроқ – кўп ўлчамли ҳолати яратилди, бу – Relational database, яъни маълумотлар базаси. Маълумотлар базасида Excel'даги бир нечта кўринишлар бир-бири билан key-point'лар орқали боғланади. Буни IT-девелоперлар яхши тушунади.

Лекин замон ривожланишда давом этяпти. Маълумотлар базалари ҳам кўпайиб, Big data ривожланганидан кейин, мавжуд талабга Relational database'лар жавоб бера олмай қолди. Натижада энди Big data'ни бошқариш технологиялари яратилди.

Facebook, YouTube, Google ана шу технологиялардан фойдаланади. Айни пайтда, маълумот кўпайиб кетгач, уларни шунчаки сақлаш эмас, уларни қайта ишлашга, таҳлил қилишга эътибор кучайди. Ана энди шу босқичда сунъий интеллект кириб келади.

Ҳозирга келиб, дунё технологияси олдида бир масала пайдо бўлди: маълумотнинг ўзи эмас, унинг ичидаги қонуниятлар қийматли бўлиб қолди. Сиз маълумотларни ўрганиб, улар ичидаги боғланишни оласиз-да, маълумотларнинг ўзини ташлаб юбораверасиз. Шунинг ўзи – илм. Мана шу нарсани нейронетворк дейди.

Deep learning'даги андозалар, моделлар – маълумотларнинг ўзи эмас, балки маълумотлар боғлиқлигидан келиб чиққан қонуниятларнинг жамланмаси. Нейронетворк ҳам маълумотлар базаси, лекин оддий база эмас; у – маълумотлар боғлиқлигининг базаси.

«Қора туйнук расмини ташкил қилиш бўйича тадқиқотга ҳисса қўшдим»

— Deep learning жуда кўп йўналишларда трендга айланди. Айниқса, космос илмида катта фойда беряпти. 2018 йилда Қора туйнукнинг расми шакллантирилди. Ўша расмни шакллантиришда дунёнинг ҳар хил нуқталаридаги обсерваториялар йиғган маълумотлар қайта ишланди.

Шу тадқиқотда Малайзиядаги Малая университети ҳам қатнашди. Ўша жараёнда менинг ҳам кичик бўлса-да ҳиссам бўлган. Америкадаги катта марказий базага маълумот етказишимиз керак эди. Улар software, API қуриб чиққан, лекин олинган терабайтлаб маълумот ўша API'га мос келиши керак. Яъни оддий адаптер қуриб, бир кўринишдаги маълумотни иккинчи кўринишга ўтказиш керак бўлган. Шу маълумотларни етказишда озгина ҳиссам қўшилди.

Қора туйнукнинг расми ташкиллангани бутун дунёда шов-шув бўлди. Албатта, бунинг аҳамиятини астрономияга қизиққан одам тушунади.

«Ўзбекистон ёшларида потенциал анча юқори»

— Куни кеча болалар қизиқиб сўраб қолишди: «Аъзамжон ака, муваффақият нима?» Менинг тушунчамда, эришилган моддий ва маънавий ютуқлардан фахрланиш – мана шу муваффақият. Ўзим учун қадрли бўлган ютуқларни ўз муваффақиятларим деб биламан.

Ўзбекистонда потенциал роса кучли. Ёшларимиз кўп нарсага қодир. Лекин уларнинг олдида катта тўсиқ бор, у ҳам бўлса – ўзлари. Ўзларидан бошқа қолган барча тўсиқлар – иккиламчи ва майда тўсиқлар. Айтмоқчиманки, улар қисқа вақт ичида нимагадир эришиб қолай, деган мотив билан ҳаракат қилишяпти.

Тўғри, давр, шароит шуни тақозо қилиши мумкин. Лекин яхши мақсадни қўйиб, озгина сабр билан ҳаракат қилса, болаларимизнинг қўлидан жуда кўп нарса келади.

Мен Малайзияда бошқа кўплаб мамлакатлардан келган йигитларга дарс бердим, улар билан бирга ишладим ҳам. Айтишим мумкин, бизнинг болаларда потенциал анча катта.

Сабр – биринчиси. Иккинчиси – йўналтирадиган мутахассислар. Масалан, биз таълим муассасаларида илмий ва амалий индустриал тадқиқот жамоаларини ташкил этишимиз мумкин. Агар бирор кичикроқ йўналишда ўзимизни кўрсата олсак, унинг тарафдорлари ва албатта, молиявий тарафдан қўллаб-қувватлайдиган ҳам хусусий, ҳам давлат сектори вакиллари топилади.

Ўқишга кира олмаган ёшлар нима қилишсин?

— Мен кўпроқ ўқишга кирганлар ҳақида қайғураман. Ўқишга киролмаганлар ҳаётда янги бир мақсад қўйиб, яшашда давом этади, ютқизмайди аслида. Ҳеч бўлмаганда вақтдан ютқизмайди.

Ўқишга кирганлар эса ўзларини худди келажаклари кафолатлангандек ҳис этишлари, шу сабаб 4 йил умрини беҳуда совуришлари мумкин. Аслида бу жуда қўрқинчли нарса. Таълим тизимининг ҳозирги даражасида мен шундай деб ҳисоблайман.

Top