Вашингтонда бўлиб ўтаётган Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг баҳорги саммитида Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани ҳамда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров музокаралар олиб борди, дея хабар бермоқда Жаҳон банки матбуот хизмати.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, банк томонидан ҳукуматнинг бозор ислоҳотларини амалга оширишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва иқлим ўзгариши таъсирига қарши чора-тадбирлар стратегияси кўриб чиқилган.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистонга рақамли иқтисодиётни шакллантириш, жумладан, IT-хизматлар соҳасида ривожланиш, инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратишга ёрдам берадиган лойиҳани молиялаштириш бўйича келишув имзоланганини қайд этган.
Бу келишув Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонга “Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик” лойиҳасини амалга ошириш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни назарда тутади.
Лойиҳа ҳукуматнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги минглаб ёшларнинг рақамли кўникмаларга ўқитиш ва ахборот технологияларига асосланган хизматлар (ITEC) соҳасида ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ITEC хизматлари экспорти 2017 йилдаги 600 минг доллардан 2022 йилга келиб 140 миллион долларгача сезиларли даражада ошди, бу билан бир вақтда ахборот технологиялари соҳасида компаниялар сони ва юқори маошли иш ўринларининг ошиши кузатилди.
“Ушбу ижобий ўсишга қарамай, ахборот-коммуникация технологиялари савдоси секторининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшган ҳиссаси 2022 йилда 1,9 фоизни ташкил этди. Мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида ушбу ўн йиллик якунига қадар Ўзбекистон Марказий Осиё ахборот технологиялари маркази (IT-hub)га айланиши, IT-хизматларининг йиллик экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиши, IT-компанияларнинг мамлакатдаги ваколатхоналари сонини 1000 тагача ошириши ва 300 минг нафар ёшларни IT соҳасида иш билан таъминлаши кераклиги айтилади. Ушбу улкан мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон рақамли технологиялар соҳасидаги зарур кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш, керакли IT ва офис инфратузилмаси, IT соҳасини ривожлантириш учун қонунчилик нормаларини ва сиёсатни ишлаб чиқиш, шунингдек, хорижий ва маҳаллий инвесторларни ушбу соҳага жалб қилиш учун рағбатлар яратишга эътибор қаратиши керак бўлади”, – дейилади Жаҳон банкининг расмий релизида.
















