12:14 / 01.06.2021
7609

Самарқандда 4 гектар ерни 28 минг долларга сотаётган фермер бошчилигидаги гуруҳ ушланди

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида фермер хўжалиги раҳбари бошчилигидаги гуруҳ 4 гектар ерни 28 минг АҚШ долларига сотаётганда ушланган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд туманида яшовчи фермер Н.Ҳ. ўзининг танишлари Ш.А. ва ММТП раҳбари Ф.Х. билан жиноий тил бириктириб, Ф.А.га, ўзи раҳбар бўлган фермер хўжалиги еридан 4 гектар ер майдонини ажратиб беришларини ваъда қилган. Сўнг унинг ишончига кириб, туман ҳокимиятида ишловчи мансабдор танишларини манфаатдор қилишини айтиб, уни пора беришга далолатчилик қилиб, 28 минг доллар миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 29 май куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, 2021 йил 31 май куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят прокурори Равшан Машарипов, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи Абдуғофур Аҳмедов бошчилигида коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг сайёр тартибдаги йиғилиши ўтказилган. Унда Самарқанд тумани фуқароси томонидан содир этилган жиноят ҳокимлик, жамоатчилик ва комиссия аъзоларининг иштирокида муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Top