08:20 / 01.06.2021
10053

Сергелини шаҳар маркази билан боғловчи йўл ўтказгич қачон фойдаланишга топширилиши маълум бўлди

Жорий йил 31 май куни журналист ва блогерлар Яккасарой ва Сергели туманларини бирлаштирувчи йўл ўтказгичнинг қурилиш жараёни билан танишиш учун таклиф қилинди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Кўприк Чўпонота кўчасидан, Шота Руставели кўчаси билан кесишган жойидан бошланиб, Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Салар канали, сўнгра темир йўллар устидан, Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг устидан ўтиб, Сергели тумани Қипчоқ кўчасига олиб чиқади.

Маълум қилинишича, кўприк энг замонавий монолит технологияси асосида қурилмоқда. Лойиҳа қўшимча тарзда ишлаб чиқилди – бошида унда кўприкдан Кичик ҳалқа йўлига тушиш йўллари фақат Чўпонота кўчаси тарафидан бўлган ва бу ҳайдовчилар учун ноқулайликлар туғдирарди. Лойиҳага қўшимча тушиш йўллари қўшилди.

“Темир йўл устидан ўтган қисм халқаро стандартларга мувофиқ 5,5 метр баландликда қурилаётган эди, лекин темирйўлчилар кўприкни яна икки метрга кўтаришни талаб қилди, ўз-ўзидан кўприкнинг қия қисми ҳам узайди.

Кўприкни ўтказишда муҳандислик коммуникацияларини ўзгартириш бўйича катта ишлар амалга оширилди: юқори кучланишли электр тармоғи ер остига олинди, Салар оқими ўзгартирилди, ҳозирда бир қисми йўл ҳудудига тушган магистрал газ қувури кўчирилмоқда, ҳалқа йўли яқинида тозалаш иншоотлари бўлган эди, уларни демонтаж қилишга тўғри келди. Шунингдек, лойиҳада қурилиш бўладиган барча манзилларда бузиш ишлари бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу каби кенг кўламли ишларнинг барчаси иншоот қийматига киритилди. 

Таъкидлаш жоизки, бошқа харажатлар ҳам бўлди: масалан, йил давомида қурилиш материалларининг (арматура ва бетон) нархи икки баробар ошди. Айтиб ўтилган фактлар қурилишнинг бирламчи қиймати нима учун 236 млрд сўмга ошганини тушунтиради”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, йўл ўтказгичнинг Чўпонота кўчасидан Ҳалқа йўлигача бўлган биринчи қисми сентябрда, Қипчоқ кўчасигача бўлган иккинчи қисми йилнинг охиригача ишга тушади. Янги йўл ўтказгич шаҳар марказигача бўлган йўлни қисқартиришга ва Ўзгариш кўчасидаги доимий тирбандликларни камайтиришга имкон беради.

Top