23:53 / 01.06.2021
12457

Термизда 75 млн долларлик халқаро савдо маркази қурилиши бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев 1 июн куни Сурхондарёга сафари давомида Термиз халқаро савдо маркази бош режаси билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бу марказ учун Термиз туманидан 26 гектар майдон ажратилган. Лойиҳа умумий қиймати – 75 миллион доллар.

Марказда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш мажмуалари қурилиб, савдо хизматлари йўлга қўйилади. Зарур инфратузилма тармоқлари барпо этилади.

Лойиҳага кўра, бу ерда 1 800 та савдо нуқтаси, 50 минг тонна юк сиғимига эга логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, шифохоналар, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари бўлиши мўлжалланган. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш кўзда тутилган.

Халқаро савдо марказининг йиллик савдо айланмаси 500 миллион доллар, хизматлар ҳажми 10 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. 192 миллион долларлик экспорт қуввати пайдо бўлади.

Марказнинг қурилиш ишларини бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 10 миллион доллар ажратилди.

Давлат раҳбари марказ биноларини енгил конструкциялардан қуриш, вилоят тадбиркорларини бу ерда ишлашга ва экспорт фаолиятига жалб қилиш, чет эллик ишбилармонлар учун барча қулайликлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ердаги тажриба асосида, кейинчалик, бошқа қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларда ҳам шундай савдо марказлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Термиз халқаро савдо марказини 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Top