15:22 / 02.06.2021
10409

Судьялар олий кенгаши «обнал иши» доирасида маъмурий суддаги 2 хил стандарт бўйича муносабат билдирди

Тошкент туманлараро маъмурий суди солиқчиларнинг нақдлаштирувчи фирмаларга қарши курашига доир бир тадбиркорнинг арзини қаноатлантириб, худди шу мазмундаги бошқа бир тадбиркор даъвосини кўриб чиқишга қабул қилмаган эди.

Тошкент туманлараро маъмурий суди  «обнал» воқеаси доирасида 2та бир хил мазмундаги аризанинг бирини кўриб чиқиб қаноатлантирган, бошқасини эса иқтисодий судга тааллуқли дея, кўриб чиқишни рад этганди.

Куни кеча Судьялар олий кенгаши масъуллари матбуот анжуманида берилган саволга жавобан бу ҳолга муносабат билдирди.

Кенгаш вакили Малика Қаландарова ягона суд амалиётини шакллантириш кенгаш билан бирга Олий суднинг ҳам вазифаси эканини, Олий суд амалиётда зиддиятлар вужудга келганда уларни ҳал қилиш бўйича Пленум қарорлари қабул қилишини таъкидлади.

Малика Қаландарова

Қаландаровага кўра, кенгаш бу борада амалиётнинг турли хиллигини бартараф этиш мақсадида Судьялар клубини ташкил этган.

У юқоридаги вазиятда кенгаш бирор бир судьяга тўғридан тўғри тушунтириш беролмаслигини, унинг ҳаракатига юқори инстанция суди баҳо бера олишини билдирди.

Отабек Мирзамаҳмудов

Кенгашнинг яна бир вакили Отабек Мирзамаҳмудов ўринли масала кўтарилганини, бундай икки хил ҳаракат фуқароларда эътироз пайдо қилишини қайд этди. Бироқ ушбу вазиятда суд қарори ҳали муҳокама босқичидалиги туфайли фикр билдиролмаслигини, кейинчалик хилма-хилликни бартараф этиш мақсадида семинарлар ўтказилишини таъкидлади.

Мавзу
«Обнал» можароси
Давлат солиқ қўмитаси нақдлаштирувчи фирмалар билан кураш бошлаб, 2021 йил феврал ойида 10 мингга яқин тадбиркорлик субъекти зиммасига 1 триллион сўм ҚҚС суммасини юклади.
Барчаси
Top