Россия судлари уруш қатнашчиларига 2,6 мингта ҳукм чиқарди
Россия Федерацияси судлари Украинага қарши урушдан қайтган россияликларга нисбатан 2,6 мингта ҳукм чиқарди, бироқ ҳукмларнинг ярмидан кўпи енгиллаштирилди, деб ёзади «Новая газета. Европа».
Украинага кенг кўламли ҳужум пайтида, урушдан қайтган ёки жангни давом эттирган камида 2605 россиялик Россия Федерациясида жиноий айбловлар остида судланувчига айланди. Бу ҳақда 11 апрел, пайшанба куни чоп этилган «Новая газета. Европа» нашри материалида айтилади.
Журналистларнинг маълум қилишича, 1130 киши «фуқаролик» жиноятларида - йўл ҳаракати қоидаларини бузишдан тортиб қотилликкача, қолганлари - ҳарбий хизматга қарши жиноятлар, жумладан, бўлинмани рухсатсиз тарк этишда айбланган. Ишларнинг ярмидан кўпи - 57 фоизида - судлар урушда иштирок этишни енгиллаштирувчи ҳолат деб тан олди, «фуқаролик» ишларида бу нисбат юқорироқ бўлди, дейилади материалда.
«Новая газета» мисол тариқасида «Вагнер» ХҲК собиқ ёлланма аскарининг собиқ хотинини калтаклаганини келтирган, аёл икки ҳафта касалхонада ётиб, майдаланган юз суякларини титан пластинка билан алмаштириш учун операция ўтказишга мажбур бўлган. Жабрланувчи жиноий иш қўзғатишга муваффақ бўлганига қарамай, суд унинг собиқ эри «Бахмутни эгаллагани учун» ва «Бахмут гўшт майдалагичи» медалларини суд мажлисига олиб келганидан сўнг, унга атиги 5000 рубл миқдорида жарима солди.
Деярли барча турдаги жиноятлар учун жазо муддати енгиллаштирилди
Уруш қатнашчилари томонидан содир этилган энг кенг тарқалган жиноятлардан баъзилари - маст ҳолда автомобил бошқариш ва гиёҳванд моддалар савдоси, дея қайд этади «Новая». Шу билан бирга, ҳарбийларнинг 80 фоизи маст ҳолда машина ҳайдагани учун жаримага тортилди, қолганлар эса бундай ҳолларда ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Ҳарбий хизматчилар, шунингдек, оддий фуқароларга қараганда икки баравар кўп гиёҳванд моддалар савдоси учун жаримага тортилган, деб ёзади газета. «Ушбу ёзилмаган қоида деярли барча ҳарбий жиноятларга тааллуқлидир - майда порахўрликдан тортиб ўқ-дори савдосигача», дея қўшимча қилади журналистлар.
«Новая» маълумотларига кўра, 2023 йилда уруш қатнашчиларига нисбатан ҳукмлар сони етти баробар, ҳаёт ва соғликка қарши зўравонлик жиноятлари сони эса 13 бараварга ошган. Урушнинг камида 192 иштирокчиси зўравонлик жиноятларида айбланган, дейилади материалда.
Нашр таъкидлаганидек, ҳарбий хизматчилар тинч аҳолига қараганда кўпроқ реал жазога ҳукм қилинадиган ягона жиноят бу - портловчи моддалар савдоси ҳисобланади. Ушбу жиноят учун уруш қатнашчилари бошқа россияликларга қараганда тўрт баравар кўп ҳақиқий жазо олади.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
16:07 / 12.11.2024