15:10 / 08.06.2021
11437

Қайси вилоятда сезилган ва кутилган инфляция юқори? Марказий банк май ойи ҳисоботини эълон қилди

Ўтказилган сўровномага кўра, май ойида энг юқори инфляцион кутилмалар ва сезилмалар Наманган вилоятида кузатилган.

Марказий банк май ойидаги инфляцион кутилмаларни аниқлаш бўйича ўтказилган сўровнома натижаларини маълум қилди.

Республика бўйича 4 мингдан ортиқ аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари қатнашган сўровномада мамлакатда инфляцион кутилмалар ва сезгилар пасайгани аниқланган.

Хусусан, май ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция апрелга нисбатан пасайиб 17,2 фоизни, тадбиркорларда эса 16,8 фоизни ташкил этди. Апрел ойида бу кўрсаткич 17,7 ва 17,5 фоиз бўлганди. Аммо ҳар иккала кўрсаткич ҳам март ойига (16,3 ва 16,2 фоиз) нисбатан юқорилигича қолмоқда. 2020 йил январида аҳолига сезилган инфляция 15,7 фоизни, тадбиркорларда 15,6 фоизни ташкил этган.

Сўровнома натижаларига кўра, инфляцион кутилмаларда ҳам пасайиш кузатилган. Бунда аҳолида 16,5 фоиз, тадбиркорларда 16,4 фоизлик инфляцион кутилмалар қайд этилган. Апрел ойида бу кўрсаткич 16,9 ва 16,6 фоизларга тўғри келган. Март ойидаги аҳоли ва бизнес инфляцион кутилмалари (15,9 ва 15,5 фоиз) ҳам ўтган икки ойга нисбатан паст даражада қайд этилган. Ўтган йилнинг январида аҳоли инфляцион кутилмалари 16,4 фоизни, тадбиркорларники 15,6 фоизни ташкил этган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, май ойида Ўзбекистондаги энг юқори инфляцион кутилмалар ва сезилмалар Наманган вилоятида (20,2-18,8 фоиз ва 19,3-19,4 фоиз), энг паст кўрсаткич эса Навоий вилоятида (14,4-14,3 фоиз ва 14,9-14,8 фоиз) кузатилган.

Top