17:28 / 09.06.2021
28843

Бўрижар каналида ФВВ ходимлари икки фуқарони қутқариб қолди, ходимлардан бири сувда чўкиб кетган

Тошкент шаҳридаги Бўрижар каналида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари томонидан икки нафар фуқаро қутқариб қолинди, жасорат кўрсатган ходимлардан бири сувда чўкиб ҳалок бўлди.

Вазирлик хабарига кўра, куни кеча соат 15:16ларда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Юнус Ражабий” МФЙдан оқиб ўтувчи “Бўрижар” каналида тақиқланган жойда сувга тушган фуқаро чўкишни бошлаган. Бу вақтда айнан ушбу ҳудудда назорат олиб бораётган Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг икки нафар ходими чўкаётган фуқарони кўриб, қутқарув ишларини амалга оширган.

А.Азимхўжаев

Қутқарув жараёнида ФВВ ходимлари А.Азимхўжаев ва И.Муродов фуқаро С.Қ.ни (аёл) қутқариб қолган. Шундан сўнг, аввал унинг ёнидаги фуқаро Ф.К. (эркак), кейинчалик С.Қ. ўзбошимчалик билан такроран ўзини сувга ташлаган. 

Қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракати туфайли иккала фуқаронинг ҳам ҳаёти сақлаб қолинган. Бироқ, қутқарувчи А.Азимхўжаев хизмат вазифасини бажариш чоғида жасорат кўрсатиб ҳалок бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда барча шахсий таркиби қутқарувчи А.Азимхўжаевнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.

Top