Ўзбекистон | 19:57 / 13.04.2024
31731
5 дақиқада ўқилади

Бўрижарга чўкканлар. Тошкентнинг энг кўп мурда чиқадиган канали ҳақида

Куни кеча Хитой ва Россия фуқаролари Тошкентдаги Бўрижар каналига чўкиб кетди. Таассуфки, бу канал аввал ҳам неча-неча инсонларни ўз домига тортган. Ичида 60 нафардан ортиқ одамлар бўлган «Лаз» автобуси ҳам айнан Бўрижарга қулагани айтилади. Кun.uz суҳбатлашган инсонларнинг айтишича, бу каналга чўкканларнинг жамоатчиликка маълум бўлмагани маълум бўлганидан кўпроқ.

10 апрел куни Тошкентдаги Бўрижар каналининг Чилонзор туманидан оқиб ўтувчи қисмида уч киши чўкиб кетди. Жабрланганлар бири ўрта ёшлардаги Хитой фуқароси, Россия фуқароси бўлган 35 яшар аёл ва унинг 5 яшар боласи экани маълум бўлди.

Kun.uz мазкур бахтсиз ҳодиса биринчиси эмаслигига эътибор қаратди ва каналда юз берган шу каби ҳодисаларни ўрганди.

Халқ тилида «бехосият» дея таърифланувчи Бўрижар каналида олдин ҳам бир неча ўнлаб кишилар чўкиб кетган. Хусусан, 2021 йилнинг ёзида сувда чўкаётган икки нафар фуқарони қутқариш чоғида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларидан бири ҳалок бўлганди. 2020 йилнинг март ойида эса Бўрижар каналидан мурда топилгани ҳақидаги хабар тарқалганди. Ўша йили июл ойида Lacetti’нинг каналга қулаши оқибатида унинг ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этганди.

2019 йилнинг август ойида каналнинг Новза кўчасидан ўтувчи қисмидаги пиёдалар кўприги остида ов қилаётган маҳаллий балиқчининг қармоғига инсон жасади илиниб чиққани шов-шувларга сабаб бўлганди.

2017 йилнинг июл ойида эса қирғоқ ёнидан пиёда ўтаётган фуқаро эҳтиётсизлик туфайли сувга тушиб кетади.  50 метр сузиб толиққан одам дарахт шохларига илиниб қолади. Бахтли тасодиф туфайли махсус қутқарувчилар томонидан унинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Бўрижарга қулаган автобус

Kun.uz Бўрижар яқинида яшовчи катта ёшли инсонлар билан суҳбатлашиб, 1973 йил қиш фаслида содир бўлган даҳшатли фожиа ҳақида маълумот тўплади.

1973 йил январ ойининг изғиринли кунларидан бири, тонгги соат 6:00 ларда Бешёғоч – Гўшт комбинати йўналиши бўйича қатнайдиган «Лаз» русумидаги автобус Бўрижар канали ёқалаб бораётиб, сирпанчиқ сабаб бошқарувни йўқотади ва қарийб 30 метр баландликка эга тик қоядан каналга қулайди. Ҳодиса вақтида фақат автобус ҳайдовчиси тирик қолади – у ўзи томондаги эшикдан пастга сакрашга улгуради. Автобусда қолган барча (суҳбатдош уларнинг 60 нафардан ошиқ бўлганини тахмин қилади) ҳодиса жойида ҳалок бўлади.

Фалокатда барча йўловчилар вафот этишига автобуснинг жуда баланд (қарийб 30 метр)дан қулаганидан ташқари, қутқарув ишлари ўта мураккаб вазиятда ва узоқ вақт давомида олиб борилгани сабаб бўлади. Баланд ва тик қирғоқ, тез оқувчи сув, шунингдек, канал суви ва об-ҳавонинг совуқ ҳарорати одамларни тирик ҳолда қутқариш имконини бермаган.

Бу ҳақидаги батафсил мақолани тез кунда Kun.uz сайтида ўқишингиз мумкин.

«Деярли ҳар ҳафта Бўрижардан ё мурда топилади, ё кимдир чўкиб кетади»

Kun.uzʼнинг прокуратура органида ишлайдиган манбаси шундай ҳикоя қилади:

«Узоқ йиллар Тошкент шаҳар туманлари прокуратураларида ишлаганман, қишми-ёзми, фарқи йўқ, деярли ҳар ҳафта Бўрижардан ё мурда топиларди, ё кимдир чўкиб кетарди. Бу канал азалдан бехосият бўлган. Кўп ҳолларда каналдан топилган мурдаларнинг шахси аниқланмасди, «номаълум мурда» бўлиб умумий қабристонга кўмилар, ҳужжатлари эса «яқинлари топилиб қолар» деган кутиш билан узоқ йиллар архивга топширилмай сақланарди.

Интернет оммалашмаган аввалги замонларда бундай ҳодисалар кўп ҳам шов-шув бўлмасди. Аммо ишонч билан айтиш мумкинки, бу хосиятсиз каналда чўкканларнинг жамоатчиликка маълум бўлмагани маълум бўлганидан кўра кўпроқ. Одамларга вақти-вақти билан канал қирғоғида эҳтиёткорликни ошириш лозимлиги эслатиб турилиши керак».

Бўрижар канали ҳақида

Бўрижар канали Бўзсувнинг чап тармоғи бўлиб, Оқтепа ГЭС юқорисидан бошланади. Узунлиги 5,4 км, сув сарфи 33 м3/с. Чилонзор ва Яккасарой туманлари ҳудудидан оқиб ўтади.

Бобур, Муқимий, Чўпонота, Фарҳод, Дўмбир­обод кўчаси ҳамда Катта Ўзбекистон тракти, Тошкент – Самарқанд темирйўлини кесиб ўтиб, Салор каналига қу­йилади. Каналнинг ўзани чуқур бўлиб, қирғоқлари тик. Баъзи жойларида қирғоқ ёнбағирларининг баландлиги 20–25 метрга етади, қуйи оқимига борган сари пасайиб, 8–10 метрга тушиб қолади

Мавзуга оид