17:43 / 09.06.2021
2890

Нукус туманидаги ғишт заводида ишлаётган 100 дан ортиқ маҳкумларга 3 ойлик маош берилмагани аниқланди

Фото: Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хиз

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили Қўнғирот туманидаги 27-сон манзил колониясида мониторинг ишларини олиб борди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Мониторинг давомида маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, йўқлов, бандероллар ва пул жўнатмаларини олиш ҳамда меҳнат қилиш шароитлари ўрганилган.

Ушбу муассасадаги яратилган шарт-шароитлар деярли қониқарли даражада эканлиги, меҳнат қонунчилигига зид баъзи ҳолатлар борлиги аниқланган. Хусусан, муассасада жазо муддатини ўтаётган 100 дан ортиқ маҳкумлар Нукус туманидаги ғишт заводида ишлаётгани, аммо 2021 йилнинг март–май ойлари учун уларга ойлик маош берилмагани маълум бўлган.

Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги вакили Зуҳра Реймованинг аралашуви билан маҳкумларнинг ойлик маошлари тўлаб берилган.

Шунингдек, минтақавий вакил маҳкумлар билан суҳбат давомида уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, омбудсманга мурожаат қилиш тартиби ҳамда усуллари ҳақида маълумот берган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қорақалпоғистондаги қамоқхонада «Омбудсман қутиси» олиб қўйилгани, маҳкумларнинг ётоқхонаси талабга жавоб бермаслиги ва меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётганлиги маълум бўлганди.

Top