20:25 / 14.06.2021
34573

Деҳқонлар «сувтекин» бўлиб қолган пиёз ҳосилини шудгорлашди. Бу ҳол такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўриш керак?

Экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров Kun.uz мухбирига берган интервьюсида далаларда тонналаб гилослар сотилмай туриб қолгани, пиёз нархи 300 сўмга тушиб кетгани ҳақида гапирганди. Мазкур муаммога ойдинлик киритиш мақсадида фермер ва масъуллар билан боғландик.

Сурхондарё вилоятида ўнлаб гектар ерларга экилган пиёзлар етилган бўлишига қарамай, деҳқонлар томонидан нобуд қилинмоқда. Бунга сабзавот нархи кескин тушиб кетгани ва маҳсулотга бўлган талаб пастлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

«Қумқўрғон Чорбоғи» фермер хўжалиги раҳбари Абдурасул Шароповнинг айтишича, бу йилги пиёз ҳосили яхши бўлса-да, нархлар ачинарли даражада паст. Шу сабабли ҳосилни йиғиштириб олиш икки карра молиявий зарар келтиради. Ундан кўра, пиёзнинг устидан тракторда ҳайдаб юбориб, ўрнига бошқа экин экилгани яхшироқ.

«Бизда 1 кило пиёз нархи 300 сўм. Бу йил 5 гектар ерга пиёз эккан эдик. Афсуски, унинг 3 гектари устидан тракторда ҳайдаб юбориб, ўрнига пахта экишга мажбур бўлдик. Чунки бу нарх билан харажатларни қоплаш иложсиз. Бир нафар одам кунига 65 минг сўмдан ишлайди, 6 ой экин тагига қараб ўтирамиз. Унга ўғит соламиз, сув берамиз. Бунча муддат ерни бўшатмай ушлаб туриш ҳам харажат. 1 гектар ердан ҳеч бўлмаганда 80 тонна ҳосил олардик. Арзимаган нархни кўриб, тракторга 75 литр керосин қуйдик-да, 3 гектар пиёзнинг устидан ҳайдаб ташладик. Кўп фермерлар шундай қилишди. Пиёз ўрнига пахта экилди», дейди фермер.

Пиёз нархи нега арзонлаб кетди? Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Ҳусниддин Каримов нархлар пасайишига сабаб бўлган омилларни санади.

«Бу йил Марказий Осиёда об-ҳаво деярли бир хил ҳароратда бўлди. Шу сабабли бизнинг пиёзлар Қозоғистонники билан тенг етилди. Бу Ўзбекистон пиёзлари сотилмай қолиб кетишининг асосий сабабларидан бири.

Авваллари Сурхондарё пиёзи Қозоғистонникидан 20 кун олдин чиқарди. Бу вақт ичида анча тонна маҳсулотни сотиб бўлардик. Бу йил эса «пропка» бўлиб қолди. Деҳқонлар, фермерлар, томорқа ер эгалари пиёзни сотишяпти, лекин фойда қилишмаяпти. Ваҳоланки, улар ҳосил ва даромадни 9 ой кутишган эди.

Энг ёмон томони – деҳқонларнинг олдиндан тузилган шартномаси йўқлиги. Тадбиркорларнинг 80 фоизи улар билан шартнома тузишга ва маҳсулотни олдиндан сотиб олишга рози. Лекин тизим йўлга қўйилмаган. Деҳқонлар бозорга қараб сотамиз, дейишади. Йўқ, энди бундай амалиётдан воз кечиш керак. Одамлар ҳосилни олдиндан баҳолаб сотиб, масалан, май ойида 20-30 млн сўм даромадим бор, дейдиган тизимга ўтишимиз керак», деди у.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг йиллик эҳтиёжи учун 233 минг тонна зарур бўлади. Шунингдек, 200 минг тонна маҳсулот экспорт қилинади. Сурхондарё вилоятида 2021 йил ҳосили учун ҳозиргача 106,3 минг тонна пиёз етиштирилган. Аммо нарх ва талаб рисоладагидек эмаслиги таъкидланмоқда.

Вазирлик ер ҳолати ва об-ҳавога қараб гектарига 30-60 тонна пиёз ҳосили олиш мумкинлигини маълум қилди. Агар 30 тонналик ҳосил олинса, 1 кг пиёз нархи 700-800 сўмдан, 50-60 тонна бўлса, ўрта ҳисобда килосига 500 сўмдан тўғри келади.

Мутахассисларга кўра, маҳсулот нархи ўз харажатларини қоплашга ҳам етмаётгани келгуси йилларда озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита салбий таъсир қилиши мумкин. Экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров келгуси йилларда пиёз нархи кескин қимматлаши ва маҳсулот етишмовчилиги кузатилиши мумкинлигини айтди.

«Пиёзлари сотилмаган деҳқонларнинг ярми кейинги йил пиёз экмайди. Бунинг натижасида келаси йил унинг нархи кўтарилиб кетади. Бу ерда бошқача тизим керак. Озиқ-овқат соҳасида деҳқон ва тадбиркорларда мувофиқлаштирувчи органга эҳтиёж бор. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига айнан ҳозир давлат аралашуви жуда муҳим. Бу борада мувофиқлаштирувчи орган тадбиркор ва деҳқонларга, масалан, бу йил пиёзни 100 минг тоннадан ортиқ экиш керак эмас, деган тавсиявий хабар бериши лозим. Яъни ерларни ўлчаб, қаерга қанча маҳсулот экилганини билиш ва шунга қараб таҳлил қилиш зарур.

Ҳозирги кунда брокколи ва шунга ўхшаш кўкатларга талаб юқори. Экспортёрларимиз уларни қидириб юрибди. Лекин биз пиёз экканмиз. Яъни таҳлил йўқ», дейди ташкилот раҳбари.

Умуман олганда, бундай шароитда ҳукумат зарур чораларни кўриши кераклиги таъкидланмоқда. Озиқ-овқат инсонларнинг бирламчи эҳтиёжи ҳамда даромад манбайи экан, ундаги етиштириш ва сотиш мувозанатини сақлаш муҳим аҳамиятга эга.

Исломбек Умаралиев

Top