17:11 / 17.06.2021
29503

«IT соҳаси бу – бугун ва келажак. Уни яхши ўрганган одам жуда яхши яшайди» — Комил Алламжонов

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ёшларни ахборот технологияларини яхши ўрганиб, шахсий ривожланишга ва дунё бозорига чиқиб, эркин ва муносиб яшашга чорлади.

Фото: Unsplash

«Дунёда IT соҳаси шу даражада ривожланиб кетяптики, эндиликда айрим компаниялар ушбу йўналишда университетни битирганларни ишга олмаяпти. Чунки улар ўқиган ўқув дастурлари ушбу ривожланиш билан бирга янгиланишга улгурмаяпти. Бу соҳани яхши билганлар бозорда роса талаш. Нархлар баланд. Кейин ҳам фақат шунақа бўлади. Энг катта пул айнан шу йўналишда.

Энг асосийси, айтишник бўлиш учун диплом керак эмас. Пул топмоқчимисиз? Яхши яшамоқчимисиз? Бой бўлмоқчимисиз? Майбах ёки Х7 да юрмоқчимисиз? Эркин, ўзингизга хон бўлмоқчимисиз? Фақат IT йўналишига ўзингизни йўналтиринг.

Супер контракт пулларини ўз шахсий ривожингиз учун ишлатинг. Дунё бозорига чиқинг. Ҳаммаси осон. Ҳаммаси мақсадга боғлиқ», – дея ёзди Алламжонов ўз каналида.

Шунингдек, муаллиф IT соҳаси мутахассислари учун Ўзбекистонда ва AҚШда тўланадиган йиллик ўртача маошлар ҳақида ҳам маълумот берган.

«Яна таъкидлайман, IT соҳаси бу – бугун ва келажак. Ушбу соҳани яхши ўрганган одам нафақат Ўзбекистонда, дунёнинг исталган бурчагида камида хор бўлмайди, кўпида эса жуда яхши яшайди. Танлов ўз қўлингизда, укаларим!

Энг асосийси, ҳозирга вақтда Ўзбекистонда бўла туриб ҳам, бошқа чет эл компаниялари учун масофадан ишлаб, пул топса бўлади. Чет элга бориш ҳам шарт эмас!» – дея ёшларга мурожаат қилди Масс-медиа фонди раҳбари.

Top