09:37 / 17.06.2021
3460

«Ўзбекнефтгаз»: «ИКС Холдинг» кўп тармоқли IT-гуруҳи билан рақамлаштириш бўйича очиқ мулоқот ўтказилди

15 июнь куни Тошкентда «ИКС Холдинг» кўп тармоқли IT-гуруҳи ва Энергетика вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган икки кунлик «Ёқилғи-энергетика мажмуасини рақамлаштириш соҳасидаги илғор жаҳон тажрибалари» мавзусидаги семинарга старт берилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикасининг ёқилғи-энергетика комплексини рақамлаштириш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган Концепция ва Йўл харитасини ишлаб чиқиш лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Семинарнинг биринчи куни, Ўзбекистондаги нефть ва газ саноати корхоналари, яъни «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖда жараёнларни автоматлаштириш лойиҳаларига бағишланди.

Ушбу тадбирда, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида, Бошқарув раиси ўринбосарлари ва департаментлар раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Cеминар доирасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти учун таклиф қилинган маърузачилар, жумладан, «Газпром нефть» компанияси вакиллари билан «Рақамлаштиришнинг амалий тажрибаси. Очиқ мулоқот» мавзусида алоҳида cессия бўлиб ўтди.

Асосий дастурнинг муҳим қисмида жамоаларда амалий иш олиб борилиб, жаҳон компаниялари тенденциялари ва тажрибалари функционал йўналишлар кесимида муҳокама қилинди.

Жумладан, Рақамли кон, Конларни ишлатилишини таҳлил қилиш тизими, Рақамли ишчи, Бурғилашни бошқариш маркази, Мунтазам жараёнларни автоматлаштириш (RPA), Харидларни автоматлаштирилган бошқариш тизимини жорий этиш, Интеграциялашган операциялар маркази, Бизнес-жараёнларни таҳлили (Process mining), Чатботлар ва рақамли ёрдамчилар ҳамда Бирламчи ҳужжатларни оптик аниқлаш доирасида ўзаро фикр алмашилди.

Тадбирнинг якуний қисмида, гуруҳлардаги иш натижалари сарҳисоб қилинди, потенциал лойиҳалар аниқланди, ишлаб чиқариш ва бизнес жараёнларини автоматлаштириш бўйича устувор ташаббусларни амалга ошириш бўйича кейинги ҳаракатлар келишиб олинди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид
Top