17:30 / 19.06.2021
15184

“Ҳалигача ўзимнинг лавозимимга ўзим ишонмайман” ­- “Ўзбекнефтгаз” раҳбари Каттақўрғон ёшлари билан мулоқот қилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Каттақўрғон шаҳрида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Унда Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, Ёшлар ишлари агентлиги масъуллари ҳам иштирок этди ва ёшларнинг муаммолари, қизиқишлари, келажакдаги режалари ўрганилди.

Самарқандлик ёшларга бошқарув раиси томонидан "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва уларда ёшларнинг ҳиссаси юқори бўлаётгани мисоллар билан айтиб ўтилди. Ўз навбатида ёшлар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Учрашувда тизимдаги корхоналарда юқори салоҳиятга эга, чет тилларини мукаммал биладиган ёшлар учун белгилаб олинган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимида фаолият юритаётган самарқандлик, жумладан, каттақўрғонлик ёшлар ҳам ўз навбатида сўз олиб, бугунги кунда улар учун яратилган шароитлар ҳақида фикр билдиришди. Ўз тенгдошларига эришган ютуқлари, бунинг учун нефт ва газ соҳасида билим олиш ва нуфузли корхоналарда ишлаш имкони барчада бор эканлигини таъкидлашди.

Муҳокамалар жараёнида “IELTS” сертификатига эга бўлган ёшлар жорий йилда олий ўқув юртига тўлов-шартнома (контракт) асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлса, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан уларга беғараз ёрдам берилиши, олий ўқув юртини тугаллаганидан сўнг доимий иш ўрни билан таъминланиши маълум қилинди.

Каттақўрғон ёшлари вилоят марказида ўтказиладиган тадбирлар, фан олимпиадалари ва турли беллашувларда иштирок этиш учун транспорт муаммо бўлаётганини маълум қилишди. Меҳриддин Абдуллаев кўпи билан ўн беш кун муддатда ҳомийлик ёрдами асосида шаҳар ёшлари учун автобус совға қилинишини билдирди.

Шунингдек, Каттақўрғон ёшларининг таклифига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналарга танишув-саёҳати ташкил қилинадиган бўлди.  

Абдуллаев ёшларга ўз ҳаёт йўли ва иш фаолиятидаги муваффақияти, унга эришиш йўллари ва шу билан бирга қийинчиликлар бўлгани ҳамда уларни енгиш учун нималар қилганини сўзлаб берди.

Оддий ишчи оиласида таваллуд топиб, бугунги кунда йирик компания раҳбарига айланишига фақат ва фақат тинимсиз меҳнат, изланиш ҳамда билим олиш бўлганини, ҳар бир ёш ҳалоллик орқалигина муваффақиятларга эриша олишини билдирди.

Учрашув давомида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида тадбирлар ҳам ташкил этилди.

Тадбирда маданият, адабиёт, санъатга қизиқувчан ёшлар ўз иқтидорларини намойиш этишди. Улар спортнинг кураш, шашка-шахмат каби бир қатор йўналишлари бўйича куч синашдилар.

Ёшларнинг ахборот технологиялари, спорт соҳаларига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан компьютер жамланмалари, спорт анжомлари топширилди.

“Ёшлар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оила фарзандларига тикув машиналари ва бошқа турдаги совғалар берилди.

Бошқарув раиси бу учрашув сўнггиси эмаслиги, ёшларни ҳам маънан, ҳам руҳан доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Қашқадарё, Жиззах ҳамда фарғоналик ёшлар билан ҳам очиқ мулоқот ўтказади.

Журналист Исомиддин Пўлатов
Оператор ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов

Top