18:21 / 19.06.2021
1885

Навоийда ўтказилган ёшлар фестивалида меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига квартиралар топширилди

Навоий шаҳрида ўтказилган “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остидаги ёшлар фестивалида турли соҳаларда юқори натижаларга эришган ёшлар қимматбаҳо совғалар билан муносиб тақдирланди. 3 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, чин етим, ота-она қарамоғидан маҳрум ёшларга эса квартира берилди.

Уч кун давом этган фестиваль доирасида “Замонамиз қаҳрамонлари” билан учрашувлар, “Бизнес саёҳат”, “Ёшлар театр студиялари” томошалари, шеърият кечалари, “Ёш китобхон оила ”, “Ёш ошпаз”, “Қувноқлар ва зукколар” каби кўнгилочар тадбирлар, стол тенниси, волейбол, гандбол, минифутбол ва велоспорт бўйича спорт мусобақалари, робототехника ва инновацион ишланмалар кўргазмалари каби 50дан ортиқ турли лойиҳалар ўтказилди.

Фестиваль якунида тенгдошларига ўрнак бўлаётган навоийлик ёшлар ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари билан тақдирланишди. 

Жумладан, “Токио 2021” олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган гимнастикачилар Севара Сафоева ва Нилуфар Шомуродовага 50 миллион сўм, спортнинг оғир атлетика тури бўйича жаҳон чемпиони Кумуш Файзуллаевага “Спарк”, эркин кураш тури бўйича қатор ютуқларни қўлга киритиб келаётган Бекзод Абдураҳмоновга “Нексия”, “Навоийлик ёш навоийхонлар” кўрик танлови ғолибаси Лобархон Жалоловага “Спарк” автомашинаси, 3 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига эса икки хоналик квартира калитлари топширилди.

Top