22:53 / 20.06.2021
11589

Бепул музқаймоқдан автомобилгача – дунё мамлакатларида коронавирусга қарши эмланганлар қандай рағбатлантирилмоқда?

Москвада коронавирусга қарши эмланганлар автомобил ютиб олишлари мумкин, АҚШда эса омади кулиб боққанлар 5 млн доллар соҳибига айланади. Forbes дунё мамлакатларида коронавирусга қарши эмланганлар қандай тарзда рағбатлантирилаётгани ҳақида маълумот берди.

Фото: ТАСС

Россия

Автомобил. Москвада 14 июндан 11 июлгача коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини олганлар ўртасида 20 дона Renault Logan автомобили ўйналади. Бу ҳақда Москва савдо-саноат палатаси президенти Владимир Платонов маълум қилди.

Автомобиллар ҳафтада бир марта ўз эгасини топади, натижалар «Москва 24» телеканали орқали эълон қилинади. 

«Москва-Сити» томоша майдончасига бепул чипта. «16 июндан «Москва-Сити»даги эмлаш пунктида ҳар куни 200 донадан бепул чипта ажратилади», — деб хабар берди Panorama360 томоша майдончаси матбуот хизмати.

 Шоколадли эскимо. Москва бош универмагидаги эмлаш пунктида вакцинанинг ҳар бир дозаси билан эмланганларга шоколадли эскимо музқаймоғи тақдим этилади.

Чегирмалар. Москвадаги кексалар учун «Миллионта ютуқ» дастури жорий этилган. Биринчи эмлашдан кейин уларга 1000 балл (рубл) қийматга эга совға картаси берилади. Совға картасидан маҳсулот ёки хизматлар учун пул тўлашда фойдаланиш мумкин.

 Москва областида коронавирусга қарши эмланганлар хонадон ютиб олишлари мумкин. Акцияда қатнашишнинг асосий шарти: вакцинанинг биринчи дозасини 15 июндан 25 июнгача област соғлиқни сақлаш вазирлиги эмлаш пунктларида олиш лозим. Ғолиб 27 июн куни қуръа ташлаш орқали аниқланади, унга уч хонали хонадон тақдим этилади.

 Воронеж областидаги Семилукский районида эмланган аҳоли ўртасида LADA Granta автомобили ўйналади. Ғолиб 1 сентябрда эълон қилинади.

 Уфада 14 майдан 20 июнгача эмланганлар учун бир хонали хонадон ва 10 дона замонавий смартфон ютуқ сифатида қўйилган. Ғолиб 23 июн куни аниқланади.

 Хабаровскда пасха олдидан эмланган кексаларга ўн донадан тухум берилди.

 АҚШ

Президент Жо Байден 4 июлгача аҳолининг 70 фоизи вакцинанинг камида бир дозасини олиши мақсад қилинган дастурни эълон қилган. Агар бу мақсадга эришилса, Anheuser-Busch компанияси 21 ёшдан ошган ҳар бир америкаликка бир порциядан пиво ваъда қилган.

 Нью-Йоркда эмланганлар 5 млн доллар, Оҳайода беш киши 1 млн доллардан, Мэрилендда 40 мингдан 400 минг долларгача ютуқли лотерея ғолибига айланиши мумкин.

 Шунингдек, Оқ уй эмланганларни рағбатлантириш учун спорт тадбирларига бепул чипталар, совға карталари, пул ва маош тўланадиган таътилни таклиф қилмоқда.

 Сербия

31 майгача коронавирусга қарши вакцинанинг камида бир дозаси билан эмланган сербияликлар давлатдан 3000 серб динори (30 доллар) олиши эълон қилинганди.

 Монголия

Монголияда 5 майдан бошлаб тўлиқ эмланганларга 50 минг тугрик (18 доллар) пул берилмоқда.

 Польша

Мамлакатда 1 июлдан эмланган фуқаролар ўртасида лотерея ўйини ўтказилади. Эмлаш дастурининг ҳар 2 мингинчи қатнашчиси 500 злотий (130 доллар) олади. Ҳар ҳафта 50 минг злотий (13 минг доллар), ҳар ойда 100 минг злотий (26 минг доллар) ўйналади. Финалда икки киши 1 млн злотийдан (261 минг доллар) ютиб олиши мумкин. Лотереяга бундан ташқари, ваучерлар, электр самокатлар ва ҳибрид автомобиллар ҳам қўйилади.

Таиланд

Таиланд шимолида коронавирусга қарши эмланганлар сигир ютиб олишлари мумкин. Июндан бошлаб олти ой давомида ҳар ҳафта бир нафар омадли инсон сигир соҳибига айланади. 

Top