Ўзбекистон | 20:47 / 21.09.2023
7060
2 дақиқада ўқилади

Коронавируснинг «Пирола» штамми аломатлари ЎРВИ симптомларига ўхшаш — ССВ

Беморларда иситма, узоқ муддатли йўтал, бош оғриғи, ҳолсизлик, ҳид ва таъм билиш қобилияти йўқолиши каби қатор белгилар кузатилмоқда. 

Фото: Getty Images

Куз мавсуми бошланиши билан дунёнинг баъзи минтақаларида коронавирус мавзуси яна кун тартибига чиқди. Эпидемиологик ҳисоботларда айрим давлатларда касалланишлар сони ўсиши қайд этилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) хабар берди. 

Қайд қилинишича, мутахассислар буни COVID-19 янги — BА.2.86 штамми тарқалаётгани билан изоҳлаяпти. «Пирола» деб номланган мазкур мутация илк бор шу йил август ойида Францияда аниқланганди. Кўп ўтмай у Исроил, Канада, Дания, Буюк Британия, Жанубий Африка, Швеция, Норвегия, Швейцария, Таиланд ва АҚШ каби мамлакатларда ҳам рўйхатга олинди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) янги штаммни кузатув остига олгач, чуқур лаборатория текширувлари натижасида унинг таркибида Spike генининг 30 дан зиёд мутацияси мавжудлигини аниқлади. Бу «Пирола»нинг юқумлилик кўрсаткичи юқорилигини тасдиқлайди. 

Дастлабки ўрганишларга кўра, BА.2.86 аломатлари сўнгги уч йил ичида тарқалган бошқа коронавирус штаммлари сингари ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) симптомларига ўхшаш. 

Беморларда иситма, узоқ муддатли йўтал, бош оғриғи, ҳолсизлик, ҳид ва таъм билиш қобилияти йўқолиши каби қатор белгилар кузатилмоқда. Касаллик баъзиларда нисбатан енгил ўтаётган бўлса, бошқаларда хасталикнинг чекиниши учун бир ҳафтадан кўпроқ вақт зарур бўляпти. 

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозиргача, BА.2.86 билан боғлиқ ўлим ҳолатлари қайд этилмаган. 

Аввалроқ, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мамлакатимизда ва қўшни давлатларда коронавируснинг ушбу штамми билан касалланганлар қайд этилмагани, Ўзбекистонда эпидемологик вазият барқарор экани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид