14:21 / 21.06.2021
13684

Тожикистон Душанбедаги Ўзбекистон элчихонаси биносининг қурилиш жойини ўзгартирди

Тожикистон ҳукумати Тожикистоннинг Ўзбекистондаги ва Ўзбекистоннинг Тожикистондаги дипломатик ваколатхоналари биноларини қуриш учун ер участкаларини ўзаро тақдим этиш тўғрисида Ўзбекистон билан имзоланган битимга ўзгартириш киритиш ҳақидаги баённома лойиҳасини имзолаш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар қилмоқда.

Тожикистон Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган баённома лойиҳасида Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси учун бино ва иншоотларни қуришга бинолар ва транзит коммуникацияларидан холи ер участкаси берилиши айтилган. 

Умумий майдони 1,2 гектарни ташкил этадиган ер участкаси Сино туманидаги Нусратулло Махсум шоҳкўчаси бўйлаб жойлашган. 

Ер участкаси 49 йил давомида Ўзбекистон ҳукумати ихтиёрида бўлади, ижара нархи - 1 доллар. 

Аввалроқ, икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида 2018 йил август ойида тузилган шартномага мувофиқ, Ўзбекистон элчихонаси учун Душанбенинг Абу Али ибн Сино шоҳкўчасида ер участкаси таклиф қилинган эди. 

Шартномага биноан, Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонасини қуриш учун Тожикистон ҳукумати Зулфияхоним ва Себзор кўчалари кесишмасидан ер участкасини олади. Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонасини жойлаштириш режалаштирилган ҳудуд Себзор даҳасида жойлашган. 

Ҳозирда Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси Саноий кўчасида, Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси эса Абдулла Қаҳҳор кўчасида жойлашган. 

Top