07:26 / 24.06.2021
7275

«Ўйин қўшимча вақтга ўтди» – 90 ёшли Уоррен Баффетт яна 4,1 миллиард доллар хайрия қилганини эълон қилди

Бойлиги 100 миллиард доллардан ошган олтинчи инсон Уоррен Баффет ўз акцияларининг барчасини хайрия қилиш ҳақида берган ваъдасининг ярмини бажарганини маълум қилди. У аллақачон акцияларининг 50 фоизини хайрия учун сарфлади. Миллиардер шу вақтгача бугунги қиймати 100 миллиард долларга тенг маблағини хайрия ишларига сарфлади. Баффетнинг яна 100 миллиард доллар пули бор. Дунё бойлари орасида Баффет бойлиги 100 миллиард доллардан ошган олтинчи одам ҳисобланади.

У Berkshire Hathway акцияларининг ўзига тегишли 4,1 миллиард долларга тенг қисмини бешта хайрия фондларига бўлиб берган. Шу тариқа 90 ёшли миллиардернинг умри давомида хайрияга ажратган пуллари миқдори 100 миллиард долларга етди. Баффет 2006 йил қачондир ўзига тегишли барча акцияларини хайрия қилишини эълон қилганди. Акциялар Баффет бойлигининг 99 фоизини ташкил этади.

«Бугун 4,1 миллиард долларни хайрияга сарфлаб йўлнинг ярмига етдим», деди тадбиркор. Унинг айтишича, ваъда берган 2006 йилида 474 998 та А сериядаги акцияси бўлган, ҳозир эса 238 624 та қолган. Уларнинг умумий қиймати 100 миллиард долларга тенг. «Қолган пуллар ҳам хайрия учун мўлжалланган», дейди Баффет.

Баффетнинг айтишича, ҳаёти учун зарур бўлмаган пулларни хайрия учун сарфлаган ва буни ўзни қурбон қилиш деб тушунмаслик керак: «Ўн йиллар давомида севимли ишим билан шуғулланиб, катта пул топдим. Мен ва оилам ҳеч нимани қурбон қилмадик. Бу пуллар бир мўъжиза каби топилган».

Миллиардер 16 йил давомида бешта хайрия фондига умумий ҳисобда 41 миллиард долларга тенг Berkshire акциясини хайрия қилган. Унинг айтишича, агар ҳамма акцияларини ҳозир хайрия қилганида, фойдалироқ бўлар, уларнинг умумий қиймати бугун 100 миллиард долларга тенг бўларди. Бироқ Баффет ва унинг хотини ёшлик вақтида хайрия қилиб улгуриш керак деб ўйлаган.

Миллиардер бошқа бойларга ҳам маслаҳат берар экан шундай деди: «Фарзандларга улар келажакда хоҳлаганини қилиши учун етарли пул қолдириш керак. Лекин қолдирилган пул улар ҳеч нарса қилмайдиган даражада кўп бўлмаслиги керак».

Уоррен Баффет яқинда ажрашишини эълон қилган Билл ва Мелинда Гейтснинг хайрия фондидан кетганини ҳам эълон қилди. Миллиардер бу фондда айтарли иш қилмаганини айтди. Шунингдек, Баффет ўзи сафида бўлган барча компаниялар директорлар кенгашидан кетганини маълум қилди. У фақат Berkshire бошқарувини сақлаб қолган.

Август ойида 91 ёшга тўладиган Баффет бу қарорини «оққуш қўшиғи» деб тушунмаслик кераклигини айтди. У севимли иши билан шуғулланишда давом этиши, ўхшатиш ўлароқ «ҳамон тўп билан майдонда эканини» айтди. Шунингдек, миллиардер «ўйин аллақачон қўшимча вақтга ўтганини» тан олиш кераклигини айтиб, ўз ёшига ишора қилди.

Top