19:58 / 25.06.2021
8966

Еврокомиссия раҳбари ЕИ Россия билан муносабатлар ёмонлашишига тайёрланиши кераклигини айтди

Брюсселда ўтказилган саммитда ЕИ етакчилари Германия ва Франциянинг олий даражадаги Россия – Евроиттифоқ саммитини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватламади.

Фото: DPA

Евроиттифоқ Россия билан муносабатлар ёмонлашишига тайёрланиши ва у билан мулоқотни куч позициясидан олиб бориши керак. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.

«ЕИ ва Россия ўртасидаги муносабатлар салбий спиралда турибди. Биз муносабатлар янада ёмонлашишига тайёрланишимиз керак. Биз куч позициясидамиз, чунки иқтисодий муносабатларга назар солсак, Россиянинг ЕИга импорти 5 фоиздан кам, ЕИнинг Россияга импорти эса 37 фоиздан ортиқ», деди у.

Унинг фикрича, «бу тенгсизлик янада катталашади».

«Россия иқтисодиёти дунё воз кечаётган газ ва нефтга асосланган», деди Еврокомиссия раҳбари.

Пайшанба куни Брюсселда ўтказилган саммитда ЕИ етакчилари Германия ва Франциянинг олий даражадаги Россия – Евроиттифоқ саммитини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватламади. Шарқий Европа давлатлари бу таклифни рад этди.

Top