19:27 / 05.07.2021
8852

Консуллик рўйхатида туриш, ватандошларимиз дуч келаётган муаммолар – Истанбулдаги бош консул билан суҳбат

UzbekLife Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги бош консули Амирсаид Агзамхўжаев билан интервью ташкил этди.

Суҳбатимиз консуллик рўйхатида туриш, ватандошларимиз дуч келаётган муаммолар ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

- Бугун Ўзбекистондан ўқишга, ишлашга ёки яшашга келадиганларнинг кўпчилиги Истанбул шаҳрига тўғри келади. Истанбулдаги ватандошларимиздан консулхона қанчалик хабардор?

- Дарҳақиқат, Ўзбекистондан Туркияга келаётган фуқароларнинг аксарияти Истанбулда қолади. Аввало, ҳозирги кунда Ўзбекистондан фақатгина Истанбулга авиақатновлар мавжуд. Охирги 3-4 йилда кўряпмизки, консулхонага мурожаатлар ҳам кўпаймоқда. 2018 йилда бир кунда консулхонага 150 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 500 нафарга етган.

Асосий мурожаатлардан бири Гўч идораси (миграция идораси) ҳужжатларини тасдиқлаш, шунингдек, фуқаролик паспорти йўқотилгани ҳақидаги мурожаатлар ҳам кўпайиб бормоқда. Шу билан бирга, узоқ вақт давомида Истанбулда бўлгани боис фуқаролик паспортининг муддати ўтганида сертификат олиш масалаларида ҳам мурожаатлар кўп. Хусусан, хорижга чиқиш паспортини олиш масаласи бўйича ҳам мурожаатлар сони ортган.

- Шу кунларда Истанбулда катта текширув кетмоқда. Яъни яшаш ёки ишлаш рухсатномаси бўлмаган хориж фуқаролари аниқланиб, улар депорт қилиняпти. Хўш, мана шундай вазиятга тушиб, махсус лагерга юборилган Ўзбекистон фуқаросини консулхона аралашуви билан олиб чиқиш мумкинми?

- Ҳақиқатан ҳам бугун Туркияда тозалаш операциялари жуда фаол олиб борилмоқда. Хорижий фуқароларнинг қўлга олиниши сабаби ҳам ҳужжатларнинг жойида эмаслиги. Туркиянинг 68-54 сонли қонунига кўра чет эл фуқароси полиция томонидан ушланганда унга тўлдириш учун махсус сўровнома берилади. Унда қонунбузарлик қилингани ҳақидаги маълумотни консулхонага бериш ёки бермаслик сўралади. Агар фуқаро ўзи истаган ҳолда ҳолати ҳақида консулхонага хабар берилишини истаса, Туркия томон бизга унинг маълумотларини беради. Агар фуқаро истамаса бизга у маълумот етиб келмайди. Демак, фуқаронинг ҳужжати бўлмаса идора қарори билан, агар бирор жиноятга аралашган бўлса, суд қарори билан депорт қилинади. Қўлга олинган фуқаронинг паспорти йўқолган бўлса ёки муддати тугаган бўлса, албатта, консулхона билан алоқага чиқишади ва биз тезкор шаклда уларга ҳужжат қилиб беришга ҳаракат қиламиз. Чунки биз ҳам фуқароларимиз миграция марказларида узоқ қолишини истамаймиз. Бу масалалар бўйича яқинда Истанбул миграция агентлиги вакиллари билан учрашдик. Фуқароларимиз бўйича барча маълумотларни олдик. Истанбул шаҳридаги Тузла депортация марказига (ҳужжатсиз ёки бирор жиноятга аралашгани сабаб қўлга олинган фуқароларни ушлаб туриш ва депортация қилиш маркази) дипломатларимиз бориб, ҳолат билан танишди.

- Гўч идораси ёки турк полицияси томонидан олиб кетилган ўзбекистонликлар ёки шу ерда ишлаётган ватандошларимизни миграция бўлимларидан олиб чиқишда иштирок этилган жараёнлар ҳам борми?

- Қўлга олинган вазиятда бизга хабар етиб келса, консулхона ҳам бу жараёнга киришади. Баъзи ҳолатларда адвокатларимиз орқали жараёнларга аралашишга ҳаракат қиламиз. Масалан, ўтган йил декабрь ойида бир ҳамюртимизни полиция турли ташкилотларга алоқадор бўлгани учун қўлга олган эди. Бош консулхона бевосита ўша жараёнга киришиб, фуқаромизни олиб чиқишга эришдик. Бир ой олдин икки аёл киши ҳужжатлари бўлишига қарамасдан Чанаққалъада қўлга олинди. Консулхона аралашуви билан уларни ҳам қўйиб юборишди ва ҳозир меҳнат фаолиятини олиб боришмоқда. Яъни агар фуқаромиз Туркияда қўлга олинганда керак бўлган ҳужжатлари бўлса, консулхона уларга тезкор ёрдам бериш имкони бор. Лекин ҳужжатсиз қўлга олинган фуқароларимизга ёрдам бериш бироз қийин бўлади. Лекин шунга қарамай, баъзи ҳолатларда миграция агентлигига мурожаат қилиб 10 кун ичида мамлакатдан чиқиб кетиши тўғрисида маълумотнома олиб берган ҳолатларимиз ҳам бўлган. Яъни фуқаро миграция марказидан қўйиб юборилади ва фуқаромиз белгиланган муддатда Туркияни тарк этади.

- Консуллик рўйхатида туриш деган жараёнга кўзимиз тушди. Кўпчилик ижтимоий тармоқларда аввал рўйхатга олади, кейин бирор муаммо бўлса, ўша муаммода сен ҳам айбдор бўласан, деган фикрларга ҳам дуч келдик. Ўзи аслида консуллик рўйхатида туриш нима? У бизга нима беради?

- Консуллик рўйхатига Ўзбекистондан 6 ойдан кўп бўлган вақтга чиқиб кетган фуқаролар қабул қилинади.

Рўйхатда турган фуқаро Туркияда паспортини йўқотган тақдирда консулхона томонидан янги паспорт олиш имконияти бор. Худди шундай бошқа ҳужжатлар масаласида ҳам имкониятлар кенгроқ.

- Элчихоналарда ҳам ва консулликларда ҳам хорижга чиқиш паспортини бериш жараёнлари кетмоқда. Бу жараён Истанбулдаги консулхонада қандай амалга оширилмоқда?

- Албатта, консулхонада ҳам ушбу ҳаракат фаол кетмоқда. Бугунги кунгача 200 га яқин мурожаатни ишлаб чиқдик. 150 нафарга яқин фуқаромизга бу йил ҳисобидан паспорт берилди.

- Дейлик, мен талаба эмасман, расман ишламайман, лекин бу ерда яшаш учун вақтинчалик рухсатномам бор. Бу ерга келиб, хорижга чиқиш паспортини олишим мумкинми?

- Яшаш рухсатномангизни олаётганда нима сабаб кўрсатгансиз?

-        Дейлик, сайёҳ!

- Сайёҳ бўлсангиз консуллик рўйхатига олинмайсиз. Чунки туризм бўйича яшаш консуллик рўйхатига олишга асос эмас. Туризм асосида яшаётган бўлсангиз, хорижга чиқиш паспортини ололмайсиз.

- Консуллик ва ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда Туркияда қийин аҳволга тушган ватандошларимизни Ўзбекистонга қайтариш ишлари амалга оширилди. Уларни ортга қайтариш ишлари қайси категориялар ва қайси маблағлар асосида амалга ошириляпти?

- Чиндан ҳам май ойида 10 дан ортиқ фуқаронинг Ўзбекистонга қайтишига ёрдам бердик. Маблағга келадиган бўлсак, баъзиларини вазирликлар билан, ташкилотлар билан, жамоатчилик билан жўнатган кунларимиз ҳам бўлди.

- Хорижий давлатда Ўзбекистон фуқароси бирор муаммога учраб қолса, элчихонага ёки консулхонага келишдан бош тортади. Яъни бир қўрқув бор, бир тўсиқ борга ўхшайди. Бу тўсиқ нимадан пайдо бўлган деб ўйлайсиз?

- Бу қўрқув хорижга чиқмасдан олдин бу жараёнга ҳозир бўлмаганидан пайдо бўлади. Бунақа ҳолатга тушганда биринчи борадиган жой консулхона бўлиши керак. Балки унинг муаммоси бир кунда ҳал этилмас, керакли вазирликлар билан биргаликда унинг муаммосини ҳал этамиз. Фуқароларимиз иш ҳам сўраб келди, фаолларимиз томонидан уларга иш ҳам топиб бердик.

- Хориждаги ватандошларимизни жуда кўп қизиқтирган масалалардан бири яқинда қабул қилинган Ўзбекистон ҳукуматининг тегишли қарори бўлди. Яъни хорижда қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларимизга қарз бериб туриш масаласи...

- Бу жараён Вазирлар Маҳкамасининг 201-сонли қарори билан белгиланган. Консулхонага қарор бўйича мурожаатлар бўлди. Лекин бу қарорга боғлиқ бир низом бор. Ана шу низом доирасида бизнинг биринчи қиладиган ишимиз яқин қариндошлари билан боғланишимиз керак. Шундай ҳолларда аксарият фуқароларимиз ўз мурожаатидан воз кечган ҳолатлар кузатилди.

Тўлиқ видеони UzbekLife’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.

UzbekLife’нинг Туркиядаги мухбири
Исфандиёр Бургутбоев суҳбатлашди.

Top