12:45 / 06.07.2021
20369

«Сазоғон» полигонида россиялик ҳарбий инструкторлар иштирокида жанговар тайёргарлик машғулотлари бошланди

Россия ҳарбий мутахассислари ва Ўзбекистон ҳарбийлари билан ҳамкорликда «Сазаган» дала-ўқув майдонида «БТР-82» жанговар техникаси ва «АГС-17» гранатомётларидан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари бошланди.

Самарқанд вилоятида Марказий ҳарбий округга қарашли «Сазоғон» дала-ўқув майдонида округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг Россия Федерацияси ҳарбий мутахассислари билан ҳамкорликдаги ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ўтказилаётган жанговар тайёргарлик машғулотлари бошланди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар беришича, унда ҳарбий хизматчилар жанговар тайёргарлик машғулотларини замонавий талабларга мос равишда ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда янги усул ва услублар юзасидан ўзаро тажрибалар алмашишади.

Хусусан, «БТР-82» жанговар техникасининг мўлжалга олувчи оператор ва механик ҳайдовчиларини тайёрлаш, «АГС-17» ва «РПГ-7» гранатомёти ҳисоби мутахассислиги, ўқчи, мерган ҳамда артиллерия мутахассисликлари бўйича ўзаро ҳамкорликда жанговар тайёргарлик машғулотлари олиб борилади.

«Бундан кўзланган асосий мақсад, икки мамлакат орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатликни ошириш, жанговар машғулотларни бажаришдаги кўникма ва тажрибаларни алмашишдан иборат.

Айни вақтда ҳар икки томоннинг ҳарбий хизматчилари назарий машғулотлар орқали билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашмоқда», дейилади хабарда.

Машғулотлар 14 кун давом этади. Унда ҳар икки томон ҳарбий хизматчилари ўзларининг эгаллаган билим ва кўникмаларини кундузги ва тунги шароитларда амалий жанговар тайёргарлик машғулотлари асосида олиб боришади.

Top