17:52 / 09.07.2021
1931

Самарқандда истеъмолчилардан ошиқча маблағ ундириб, ўзлаштириб юборган газ идораси ходимларига жиноий иш қўзғатилди

Самарқанд туманида суюлтирилган газ баллонларни тарқатиш чоғида истеъмолчилардан 252,9 миллион сўмни ошиқча ундириб, ўзлаштириб юборган газ идораси ходимларига жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Самарқандтумангаз» газ таъминоти бўлими моддий жавобгар шахслари истеъмолчиларга 32 830 дона маиший газ баллонларни етказиб беришда уларни ўрнатиб бериш хизмати кўрсатилмаган бўлса-да, ҳар бир газ баллон учун 3 000 сўмдан хизмат ҳақи қўшиб ёзгани аниқланган.

Улар бир дона суюлтирилган газ баллони учун белгиланган 22,4 минг сўм ўрнига 26 минг сўмгача ортиқча ундириб, фуқароларнинг жами 252,9 миллион сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top